Мексика терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Хавьер Агирре Испания чемпионатида ишлаши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Маттео Моретто ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Манбага кўра, мутахассис хизматларига Испания Ла Лигасини янги мавсумда омадсиз бошлаган «Валенсия» қизиқиш билдирган. Томонлар ҳамкорлик бўйича муваффақиятли музокаралар ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, «кўршапалаклар» ўтган дам олиш кунлари бош мураббий Карлос Корберан билан хайрлашган эди.
Испания чемпионатининг олти туридан сўнг «Валенсия» 4 очко жамғариб, турнир жадвалида 16-ўринда бормоқда. Жамоа навбатдаги учрашувини «Реал Сосьедад»га қарши ўтказади.













