«Реал» ҳужумчиси Килиан Мбаппе «Эльче» ярим ҳимоячиси Гонсало Вильяр билан жанжал вақтида рақибини қўпол ҳақорат қилди.
Мадридликлар Ла Лига 6-турида сафарда турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бораётган «Эльче»ни қўшиб берилган дақиқаларда урилган гол эвазига 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Mundo Deportivo хабарига кўра, ҳисоб 3:2 бўлиб турган пайтда футболчилар ўртасида тортишув келиб чиққан. 28 ёшли Вильяр Мбаппени бўғзидан ушлаган, шундан сўнг 27 ёшли француз рақибининг юзига бармоғини кўрсатиб, испан тилида жуда қўпол ҳақоратли ибораларни айтган.
Учрашув бош ҳаками Хесус Хиль Мансано Вильярга спортга хос бўлмаган ҳаракати учун сариқ карточка кўрсатган, Мбаппе эса жазосиз қолган.













