«Бавария» 2026 йилги «Олтин тўп» учун курашда Харри Кейнни қўллаб-қувватлаш мақсадида клуб ичида махсус кампания бошлади.
Шу билан бирга, мюнхенликлар совринга номзод бўлган бошқа футболчилари — Майкл Олисе, Луис Диас ва Дайо Упамекано борасида алоҳида баёнот бермаган.
Клубнинг расмий видеосида Олисе Кейнни очиқ қўллаб-қувватлади.
«У ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси эди», — деди француз футболчиси.
Йозуа Киммих, Серж Гнабри ва Жонатан Та ҳам Кейннинг жамоага таъсири фақат голлар билан чекланиб қолмаслигини таъкидлади.
«Олтин тўп»га номзод бўлган яна бир «Бавария» футболчиси Луис Диас ҳам жамоадошини юқори баҳолади.
«Унда ҳамма нарса бор. У гол уради, ассист қилади, ҳимояда ҳам ишлайди. У дунёдаги энг сермаҳсул футболчилардан бири бўлди ва менимча, бу совринни қўлга киритишга мутлақо лойиқ.
У доимо янада кўпроқ нарсага эришишни истайдиган, ҳеч қачон қониқмайдиган футболчи. Жамоадош сифатида сенинг ҳам ўсишингга ёрдам беради», — деди Диас.
Кейн 2025/26 йилги мавсумни Европа «Олтин бутса»си соҳиби сифатида якунлади.
«Бавария» футболчилари орасида сўнгги бор Карл-Хайнц Румменигге 1981 йилда «Олтин тўп»ни қўлга киритган.
2026 йилги соврин учун номзодлар орасида Ламин Ямаль, Килиан Мбаппе, Усмон Дембеле ва Лионель Месси ҳам бор. Тақдирлаш маросими 26 октябрь куни Лондонда бўлиб ўтади.













