«Брентфорд» бош мураббийи Кит Эндрюс Англия чемпионатининг 5-турида «Челси» устидан қозонилган 3:0 ҳисобидаги ғалабага изоҳ берди.
«Гўё бу ўйинда ўзим ҳам майдонга тушгандек ҳис қилдим. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб кеча бўлди. Бундай лаҳзалардан завқланиш муҳим, чунки биз жуда кўп меҳнат қиламиз ва бу ишда оғир кунлар ҳам кўп бўлади. Ғарбий Лондондан бўлган рақибга қарши ўйнаганда, учрашувга тайёргарлик кўриб, жамоа билан бирга бутун жараённи босиб ўтар экансиз, доимо қандайдир қийинчиликларга дуч келасиз. Аммо биз жуда яхши ҳолатда эдик ва бугун меҳнатимиз натижа берганини кўриш ёқимли.
Албатта, иккинчи гол ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Биринчи голни стандарт вазиятдан урдик. Менимча, ўйин услубимиз туфайли биз олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган жамоамиз ва турли усулларда гол уриб, вазиятлар ярата оламиз. Ўйинни назорат қилиб, тўпга эгалик қилганимизда голли вазиятлар яратиш ва рақиб ҳаракатларида тартибсизлик келтириб чиқаришга қодирмиз. Аммо айрим вазиятларда чуқур ҳимояланганимизда ҳам тезкор ҳужумларда жуда хавфли бўла оламиз. Жамоамизнинг ўйинида менга кўп нарса ёқяпти.
Менимча, «Челси» ўйинга жуда пухта ёндашди. Улар бизнинг кучли жиҳатларимизга катта эътибор қаратди. Игор Тиагу — шундай жиҳатларимиздан бири. Биринчи бўлимда унга баъзида бўш ҳудуд топиш қийин бўлди. Бундай пайтда сабрли бўлиш ва ҳамма ишни тўғри бажариш керак. Футболчиларимизнинг одатлари, клуб ва жамоамиздаги қадриятлар туфайли бу сифатлар майдонда мунтазам намоён бўляпти. Энди эса бу жамоа сифатида қай даражага чиққанимизда ҳам кўрина бошлади.
Биз мавсумни яхши бошладик. Рақобатбардош бўлдик, мавсумнинг дастлабки ҳафталарида бор кучимизни беришимиз ва турли сифатларни намойиш этишимизга тўғри келди. Бу лигада айнан шу нарса доимо талаб қилинади. Энди футболчилар турли томонларга тарқалаётган бир пайтда, дастлабки бир неча ҳафта қандай ўтганини бироз таҳлил қилиб олиш имкониятига эгамиз», — деди Эндрюс.













