Лондоннинг «Арсенал» клуби бош мураббийи Микель Артета 16 ёшли Макс Доуманнинг эҳтимолий кетиши ҳақида фикр билдирди.
Аввалроқ «канонирлар» ўз тарбияланувчисини ижарага қўйиб юборишга тайёр экани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
«Биз ҳеч қандай вариантни кўриб чиқмадик, чунки уни жамоада кўришни истадик. У мавсумолди тайёргарликни ҳам биз билан ўтказишини хоҳладик.
Энг тўғри қарорни қабул қилиш учун вазиятни ҳар олти ойда қайта баҳолаб борамиз. Биз таклифларга очиқмиз, аммо ҳозир у шу ерда қолиши ва «Арсенал»га фойда келтириши керак», — дея Артетанинг сўзларини Football Transfers келтирди.
Жорий мавсумда Доуман Англия Лига кубогида битта учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди.













