Кутилганидек, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 6-тур баҳслари Ўзбекистон-1 терма жамоаси учун ҳам, Ҳиндистон жамоаси учун ҳам ҳар жиҳатдан мураккаб, кучли руҳий босим остида кечди.
Ўта ҳаяжонли кечган Ўзбекистон-1-Ҳиндистон қарама-қаршилигининг биринчи тахтасида ҳаракатланган Нодирбек Абдусатторов Праггнанандҳа билан, Жавоҳир Синдоров Аржун Эригайиси билан, Шамсиддин Воҳидов амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу билан дурангга эришиши ҳар икки жамоа учун Нодирбек Ёқуббоев-Ниҳал Сарин қарама-қаршилиги ҳаёт-мамот масаласини ҳал этадиган баҳс кўринишини олди.
Истеъдодли шахматчимиз Нодирбек Ёқуббоевнинг 25 юришдан бошлаган позицион ҳаракати алалоқибат 38-юриш ҳолатида Саринни муқаррар мағлубият кўчасига бошлади.
Бу ўз навбатида, ҳужумкор вазиятга чиқиб олган Ёқуббоевга Сарин устидан ғалаба қозониш имкониятини тақдим этди.
Айнан Нодирбек Ёқуббоевнинг ғалаба қозониши ортидан Ўзбекистон-1 жамоаси Ҳиндистонни 2,5:1,5 кўринишида енгиб, 12 очко билан турнир жадвалидаги етакчилик ўрнини мустаҳкамлашига замин яратди.
Мазкур турда Ўзбекистон-1 жамоасининг асосий таъқибчиларидан бири Германия вакиллари Хитой жамоасига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.













