Ла Лига президенти Хавьер Тебас El Debate нашрида Испания ҳакамларининг «Реал»га нисбатан бир томонлама муносабати ҳақида чоп этилган мақолага муносабат билдирди.
Якшанба куни «Реал» Ла Лига доирасида «Атлетико»га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди.
«“Режим телевидениеси”да яна одатий сценарий — абадий фитна ҳақидаги материаллар пайдо бўла бошлади. Гап Негрейра ҳақида бўлмаса, айбдор ҳакам; ҳакам бўлмаса, у гўё халқаро даражадаги рефери эмас. Барча клублар ҳам халқаро тоифадаги, ҳам халқаро мақомга эга бўлмаган ҳакамлар томонидан бошқарилиши мумкин. Ҳеч бир клуб ўзи учун махсус ҳакамлик талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Аммо бу мақола яна ҳам узоққа кетган: унда ҳакамлар “уларни боқиб турган бизнес”га зарар етказаётгани айтилган. Муаллиф аслида нимани истаяпти? Ҳакамлар қарор чиқараётганда даромад, телевизион аудитория ёки клуб эмблемасини ҳисобга олишиними? Бу мусобақадаги тенгликни жуда ғалати тушуниш.
«Реал Мадрид» Ла Лига учун ниҳоятда муҳим. Аммо “Реал”сиз Ла Лига ҳеч нарсага арзимайди, дейиш бошқа клублар, уларнинг мухлислари ва тарихига нисбатан ҳурматсизликдир. Мусобақа ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Ҳакамлар «Реал»га қарши ишлаяпти, деб айтиш — қандайдир бошқа галактикада яшаш билан баробар. Бу қараш майдондаги бошқа муаммоларни кўрмаслик учун баҳона вазифасини ўтайди. Мавсумнинг дастлабки ўйинларидаёқ кўзга ташланаётган ҳолатларни тушунтиришдан кўра, фитнани кўрсатиш анча осон.
Менинг позициям ҳеч қандай лавозимга боғлиқ эмас: ҳакамнинг хатоси фитна мавжудлигини исботламайди, бу гапни йиллар давомида такрорлаш эса уни ҳақиқатга айлантирмайди.
КЎЗ ЮМИШНИ БАС ҚИЛИНГ! Сентябрь ҳали тугамади, улар эса чемпионатни аллақачон адолатсиз деб эълон қилишяпти. Бу абадий баҳонага соғлом фикрлайдиган ҳеч ким ишонмайди», — деб ёзди Тебас.













