УЕФА президенти Александер Чеферин Италияда ўтказилиши режалаштирилган Евро-2032 олдидан мамлакат футбол инфратузилмаси ҳақида фикр билдирди.
Аввалроқ у: «Инфратузилма тайёр бўлишига умид қиламан. Акс ҳолда, мусобақа Италияда ўтказилмайди», — деган эди.
Чефериннинг таъкидлашича, Италиядаги футбол инфратузилмаси ҳали ҳам мамлакат футболи нуфузига мос даражада эмас.
«Бу фикр ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Италия футбол инфратузилмасининг ҳолати мамлакат футболи мавқеига мос келадиган даражадан анча йироқ.
Шунга қарамай, муайян ижобий ўзгаришлар бор. Август ойида 13 та шаҳар Евро-2032 ўйинларини қабул қилиш истагини билдирди. Йирик сармоялар ҳақидаги режалар эса вазиятнинг жиддийлиги давлат даражасида ҳам англаб етилганини кўрсатади.
Бироқ вақт кутмайди. Билдирилган тайёргарликни имкон қадар тезроқ аниқ ишлар билан мустаҳкамлаш керак. Муваффақият учун энг муҳими ҳам шу», — деди Чеферин.
У, шунингдек, Италияда стадионларни реконструкция қилиш жараёни нега бошқа Европа давлатларига нисбатан қийин кечаётганини тушунтирди.
«Муаммо фақат пулда эмас, асосан бошқарув моделида. Италияда стадионларнинг аксарияти муниципалитетларга тегишли, клублар эса улардан фақат ижара асосида фойдаланади.
Шу сабаб клубларда ўзларига тегишли бўлмаган объектга катта маблағ сарфлаш учун етарли рағбат йўқ.
Бундан ташқари, мураккаб ва узоқ давом этадиган бюрократик жараёнлар ҳам вазиятни оғирлаштиради. Масалан, деярли ҳар қандай қарор суд орқали баҳслашилиши мумкин. Натижада лойиҳалар чўзилиб кетади ва баъзан уларни бошлаган раҳбарларнинг ваколат муддатидан ҳам ошиб кетади.
«Ювентус», «Аталанта» ва «Удинезе» мисоли шуни кўрсатадики, клуб стадионни ўз назоратига олиб, уни мустақил бошқарса, натижалар анча тез кўринади.
Шунинг учун Евро-2032ни ушбу моделни такомиллаштириш учун жуда яхши имконият деб ҳисоблайман. Ишонаманки, Италия давлат идоралари, клублар ва маҳаллий жамоалар ҳамкорлигида бу имкониятдан фойдаланади», — деди УЕФА президенти.













