Греция терма жамоаси бош мураббийи Иван Йованович Миллатлар лигаси 2-турида Германия устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалабага муносабат билдирди.
«Мен жуда бахтиёрман. Бу ҳам юнон футболи, ҳам унинг келажаги, шунингдек, биз иштирок этаётган турнир учун улкан ғалаба. Иккита ғалаба — идеал старт», — деди мураббий ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
«Футболчиларим майдонда бор кучини берди. Аввалги ўйин ҳам жуда оғир кечганини унутмаслигимиз керак, бу сафарги баҳс эса ундан ҳам қийин бўлди.
Жамоа бутун учрашув давомида, жумладан биринчи бўлимда ҳам тўғри кайфият билан ҳаракат қилди. Ҳимояда яхши ўйнадик, аммо тўп билан ўзимиз истагандек ҳаракат қила олмадик ва ҳужумда кўпроқ иш қилиш имкони бўлмади.
Иккинчи бўлимда яхшироқ ва фаолроқ ўйнай бошладик ҳамда ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик. Бизга анча сабр қилишга тўғри келди, аммо футболчилар бунга тайёр эди».
Греция 6 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. Нидерландия ҳисобида 4 очко, Германияда 1 очко бор. Сербия эса ҳозирча очко жамғара олмаган.













