«Барселона» қишки трансферлар ойнасида биринчи навбатда қайси позицияни кучайтиришни режалаштираётгани маълум бўлди.
Diario SPORT хабарига кўра, каталонияликлар қишда ҳимоянинг чап қанотини кучайтириш ниятида. Бироқ клуб асосан шартномаси якунланиш арафасида турган футболчиларга эътибор қаратмоқда. Бу орқали «Барселона» улар билан ёзда эркин агент сифатида текин трансфер бўйича келишиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Манба маълумотига кўра, айни пайтда «Барселона» рўйхатида «РБ Лейпциг» сардори Давид Раум ва «Кристал Пэлас» ҳимоячиси Тайрик Митчелл бор. Ҳар икки футболчи ҳам ҳозирча ўз клублари билан шартномасини узайтирмаган.
«Барселона» Испания Ла Лигасининг етти туридан кейин 21 очко жамғариб, турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.













