Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

Камолиддин Мурзоев: «Чемпионатни совриндорлар сафида якунлашни истаймиз»

Баҳо:
+ | -

Қозоғистон Премьер-лигасининг 28-турига келиб майдонга қайтган "Иртиш" ҳужумчиси Камолиддин Мурзоев ўйиннинг сўнгги дақиқаларида гол уриб, жамоасининг "Шахтёр" устидан ғалаба қозонишига ёрдам берди. Sports.kz сайти мухбири Камолиддин билан суҳбатлашишга қарор қилди.

— Камолиддин, ғалаба ва урган голингиз билан табриклаймиз! Ниманинг эвазига "Шахтёр" мағлуб этилди, деб ҳисоблайсиз?
— Характер эвазига, ғалабага бўлган кучли иштиёқ эвазига. Ҳар бир футболчи фақат ғалаба ҳақида ўйлади, ҳар бир футболчи совриндорлар сафида бўлишни истайди. Биз курашдик, курашдик ва охир-оқибат ўз мақсадимизга эришдик.

— Сиз Европа лигасида "Левски" дарвозасини ишғол қилган бўлсангизда, "Шахтёр"га урган голингиз Қозоғистон чемпионатидаги дастлабки голингиз бўлиб чиқди. Қизиқ, нима учун бундай бўлди? Еврокубокларда чоғланиш бошқача бўладими?
— Йўқ, гап ундамас. Ҳужумчи сифатида мен ҳар бир ўйинга гол уриш учун чиқаман. Фақат шу пайтгача Қозоғистон чемпионатида гол уриш насиб қилмаётганди. Мен жароҳат туфайли 55 кун давомида майдонга туша олмадим. Жароҳатдан фориғ бўлганимдан кейин илк ўйиндаёқ гол урдим, бу ўйинда ғалабани қўлга киритдик. Бундан хурсандман.

— Жароҳатдан кейин ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
— Аста-секин формага кириб боряпман. Жароҳатдан тўла қутулдим, ўзимни яхши ҳис қиляпман.

— Нима учун жароҳатни Қозоғистонда эмас, Тошкентда даволадингиз?
— Бундай жароҳат — қовурғанинг синиши даволанмайди. Соғайишнинг ягона йўли — тинч шароитда бўлиш. Мураббийлар штаби билан гаплашдим ва Тошкентда, уйда тинч шароитда бўлганим яхши, деган қарорга келдик.

— Аввал ҳам бундай жароҳатга йўлиққанмидингиз?
— Албатта, аввал ҳам жароҳат олганман, аммо қовурғам илк марта синди.

— Қозоғистон чемпионатида бир йилдан бери ўйнаяпсиз, таассуротлар қандай?
— Тўғрисини айтсам, таассуротлар ёмон эмас. Чемпионатда яхши жамоалар кўп. Чемпионат савияси юқори. Жамоаларни олтиликка бўлиш чемпионатни янада қизиқарли қилди. Ҳар бир жамоа очколар учун, чемпионат медаллари учун курашмоқда. Ҳар бир ўйин қизиқарли ва интригага бой бўлмоқда.

— Павлодарга мослашиш қийин бўлмадими, шаҳар сизга ёқдими?
— Яхши шаҳар экан, менга ёқди. Мослашиш қийин бўлмади. Мен Африкадан келмадим-ку (кулади). Йигитлар ҳам ёрдам беришди. Жамоамиз аҳил.

— Бунда ҳамюртингиз Улуғбек Бақоев ҳам ёрдам бердими?
— Ҳа, албатта, Улуғбек ҳам енга ёрдам берди. Мослашишим осон бўлди. У ҳозир ҳам мени қўллаб-қувватлайди. Рўзғор ишларида ва майдонда менга ёрдам беради.

— Қозоғистон Премьер-лигасида тўп сураётган бошқа ўзбекистонлик футболчилар билан ҳам гаплашиб турасизми?
— Ҳа, биз суҳбатлашиб турамиз. "Жетису"даги Шавкат Саломов ва Руслан Мелзиддинов, "Актобе"даги Темур Кападзе, Саша Гейнрих ва Марат Бикмаев билан қўнғироқлашиб турамиз. Бикмаев билан Тошкентда кўришдик, у ҳам жароҳатини даволаш билан банд эди. Албатта, бир-биримиз билан алоқада бўлиб турамиз, бир-биримизнинг ўйинларимизни кузатамиз, юртдошларимизни қўллаб-қувватлаймиз.

— "Иртиш" — фаолиятингиздаги илк хорижий жамоа. Қозоғистонда ўзингизни легионер деб ҳис қиляпсизми?
— "Иртиш" фаолиятимдаги илк жамоа эмас. Мен Киевнинг "Динамо" жамоасининг ўринбосарлар ва иккинчи жамоасида ўйнаганман. Тўғрисини айтсам, бу ерда ўзимни легионер деб ҳис қилмайман. Жамоамиз аҳил, барча йигитлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашади. Шунинг учун ўзимни бегонадек ҳис қилмайман.

— Миллий терма жамоанинг бир нечта баҳсларида иштирок этгансиз. "Иртиш"да ўйнаш орқали яна терма жамоадан таклиф олишга умид қиляпсизми?
— Албатта. Футболчи қайси чемпионатда тўп сурмасин, унинг асосий мақсади мамлакат терма жамоасида ўйнашдан иборат бўлади. Терма жамоадан яна таклиф олиш учун, бунга муносиб эканимни исботлаш учун ишлашим керак.

— Ҳозирги пайтда "Иртиш" Қозоғистон чемпионатида 3-ўринда бормоқда. Ушбу поғонани сақлаб қолишнинг имкони борми?
— Бутун жамоа мавсумни совриндорлар учлигида якунлашни ният қилмоқда. Ҳозирда 3-ўринни эгаллаб турибмиз ва мавсумни кучли учликда якунлаш учун бор кучимизни берамиз.

— Фикрингизча, ким чемпион бўлади — "Актобе" ёки "Астана"?
— Очиғи, ҳозир буни айтиш қийин. "Актобе" "Астана"ни 3 очкога ортда қолдирмоқда. Олдинда уларнинг ўзаро ўйини ҳам бор. Ҳар иккала жамоанинг имкониятлари тенг. Барчаси ўзларининг қўлида.

Манба: www.sports.kz
Киритилди: 09:06, 02.10.2013.
Ўқилди: 3198 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.