Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Мана сенга, Бразилия ёхуд ўхшамай қолган «чемпитонам» (ҳажвия)

Баҳо:
+5 | -

Қутлов. Ассалому-алайкум, пудболчи болаларим! Издираска, Нестирип болам ва яна мени тушунмайдиган бошқа қора кўзлар. Бу хатти тўқсондан ошган боболаринг Тўлан полвондан деб билгайсизлар. Аввалом бор, сизларди саралаш босқичидан эсон-омон қутилиб олганларинг билан чин юракдан табриклайман. Ўзиям эзилиб кетдинглар, болаларим, буни Иорданминан бўган ўйинда сездим. Юз-кўзларинг яшнаб турганидан билдим. Тўғри-да, ота-бобомиз кўрмаган Бразилияда бало борми бизга! Кимсан Чингизхоннинг авлодлари – Мўғулистонлик “чорвадор”ларни 13:0га ютганмиз, Ҳиндистонга кун бермаймиз, Вьетнамни обориб-опкеламиз, яна қанча тўп кўрмаган мамлакатчаларни... Мақтанса арзигулик ғалабаларимиз бор... Хуллас, “ламбада”чилар бизнинг тенгимиз эмас. Қолаверса, юртимиздан ҳам иссиқроқ бўган жойларда тўп тепиш... Тўғри ўйлагансизлар. Унақа жойларда ўйнаш арабларга ярашади. Сизларга Бухоро, Жиззах ҳам бўлаверади... Соғликларингни асраганларинг маъқул. Келаси саралашда кимгадир ютқизишларинг керак-ку ахир!.. Қандай, чойхонапаловларга бўкиб, жўжакабобларнинг энасини эмдириб юрибсизларми? “Хет-трек”ка эришганлар ҳам бордир! Норин қорин билан йиғлашиб кўришаётгандир! Ажаб қиласизлар! Сизларга ишонган биз ахмоқларга шу керак!

Лирик чекиниш. Ҳасса – лому, қалай кун! Ҳеч балони тушунмадинглар-а... Биз, “крутой” чоллар, баъзан шунақа саломлашамиз... Ҳеч бир маъноси йўқ дейсизларсизми? Бўлса бордир, беайб парвардигор, сизлар ҳам маъносиз ўйин кўрсатасизлару... Ҳа, баъзида “одно”га ҳам кириб турамиз, фақат... бир-биримиздан нос сўраб. Ўйинқароқлик йўқ.... Лекин пудбол саводхонлигимиз ўзимизга яраша... Буни ҳозир кўрасизлар.

“Чемпитонам”га қайтиш. Бу гапларни, аслида, Қурияга ютқизганларингдан кейин айтмоқчи бўлувдик, бироз ўйлаб, кейинги натижаларни кутишга қарор қилдик. Хато қилган эканмиз. Сизларни ўшандаёқ танқид қилиш керак экан. Кейинги, кейинги ва бошқа кейингилар умиди... Умуман олганда, биз, ишқибозлар пешонасига фақат умид ёзилган экан... Яна кейинги “чемпитонам”га умид қилиш имконини берганларинг учун сизларга раҳмат. Инчунун, “чемпитонам” деганим матбаа хатоси эмас. Кампиримнинг тили чучукроқ, шунақа ширин қилиб айтади. Бунинг устига қаригандан кейин оғизда уч нарса – “ш”, “с” ва носвой турмайдиган бўлиб қоларкан... Иорданман бўган ўйиндан кейин икки-уч кун иситмалаб ётдим. Бунинг устига кампирнинг “буларингиз шундай ўйнаса, “чемпитонам” кўрмай ўтиб кетасиз” деган гапи жон-жонимдан ўтиб кетди. Айтадиган гаплар роса йиғилиб қолди, бугун, эварамнинг мактабдан келишини пойлаб ўтирмай, кампирга набор қилдириб ўтирипман. Апичаткалар учун олдиндан узр сўрайман... 

Миржалол боламга. Миржалол болам, сени четдагилар танийдими-йўқми, билмайман, лекин Шораҳмедов боламни қурияликлар, Анзор болам билан Одил боламни иорданлар эсдан чиқармасалар керак. Савоб дегани мана шунақа бўлади, болам. Қурияни саралашдан ўтказиб қўйдик, Иорданга имкон бердик, бундан ошиқ валломатчилик бўлмаса керак. Лекин... Олдин хеш, кейин дарвеш, деган гап бор, болам. Бизга қачон савоб қиласизлар? Ёки қилмоқчисизлар?..

Миржалол болам, сенга айтадиган гапларимга хафа бўлма. Сен пудболда катта из қолдирдинг. Сенинг чиройли гўлларинг ҳали-ҳануз ёдимизда. Лекин биласанми, ўйинчи бўлиш бошқа, мураббий бўлиш бошқа, болам. Балки ўйнайдиган мураббий бўларсан... Кеча тенгқурлар билан испорлашиб қолдик десанг! Уқувсиз тринирлар ҳақида гап кетганда, Кабир истил “уларда ақл етишмайди” деди, Муртоз калта “фаросат” деди, Абиш махсум “иккови ҳам” деди, мен уларга қўшилмайман. Сен кўринишдан юмшоқ табиатли инсонсан, сенда қаттиққўллик етишмайди, командада эса аҳиллик, интизом ва масъулият... Тўғри, мураббийнинг яхши ёки ёмон эканлигини ташқаридан қараганда ҳеч ким билмайди, лекин ўйиннинг боришига қараб, унинг ўйинчи алмаштиришига қараб кўп нарсани чамаласа бўлади. Кўпинча, нимагадир, сенинг қилган “замин”ларинг чивин чаққан бузоққа ўхшаб, диконглаб, майдон чангитишдан бошқасига ярамай қоляпти... Киначилар артисни кўзига қараб танлайди, биласан. Лекин улар ҳам жуда кўп адашишади. Кина кўрсам, “буни фалончи эмас, пистончи ўйнаши керак эди” деб айтиб тураман. Нега сен кўзига қарамайсан? Биронта сўтакни олдинга чақириб, “оғайни энди шунақа бўлиб қолди, бунақа қилиб бермасанг бўлмайди” дейиш билан иш битмайди. Кўзи сиртлонникдай ёниб, оёғидан ўти чиқиб турганини майдонга тушир, маъносиз қараб турганини искамийкага бойлаб ташла. Кейин, рақиблар қайси кийимда ўйнаётганини, дарвозаси қайси томондалигини, албатта тушунтир... Бўлмаса...

Кеча улфатларим билан “ким зўр – Қосимовми, Абрамовми, Инилеевми” деб тортишиб қолдик. Биров у деди, биров бу деди. Бизда Миртоз калта жуда кам гап. Гап орасида “Инилеев” деб қолди. Ҳеч ким эътибор бермади. Тортишув авжига чиққанда, кимнингдир эсига тушиб қолди, шекилли, “нимага” девди, Миртоз, “озғин” деди, бошқа ҳеч нима демади. Яна баҳслашиб кетдик. Бир пайт Миртознинг гапи менинг ҳам эсимга тушиб қолди. “Нима бўпти озғин бўлса” десам, дона-дона қилиб, “озғин одам – ишлайди” дейди... Бир нима деёлмадим. Негаки, Миртоз кам гапиради, лекин кам адашади...

Мабодо мен мураббий бўлсам... нима қилардим? Эшит. Балки сенга ҳам фойдаси тегиб қолар. Мен мураббий бўлсам, ҳужумчи билан ҳимоячи ўртасидаги тафовутни йўқотардим, яъни менинг ҳужумчиларим яхши ҳимояланишни, ҳимоячиларим қойилмақом ҳужум қилишни билган бўлишарди. Менда аниқ ҳужумчи ҳам, аниқ ҳимоячи ҳам бўлмасди, менда майдоннинг ҳар бир нуқтасида рисоладагидай ўйнайдиган  ўнта пропессонал ўйинчи бўларди. Майли, мени одамлар қотиб қолган дейишсин, мен ҳали у, ҳали бу схемага ўтиб, ликиллайвермасдан, биттасини ушлаб олардим-да, уни санъат даражасига кўтарардим. Айтайлик, 4-2-4. Майдон ўртасига энг бақувват, энг чопағон йигитлардан иккитасини қўйиб қўярдим. Зарур пайтда улар ҳужумчиларга, зарур пайтда ҳимоячилар жонига оро киришарди. Майдон ўртасидаги сунъий устунликни рақибларга бериб қўярдим, лекин иккала дарвозанинг олди ҳам улар учун Учқўрғон бўларди... Менинг услубимни ҳамма биларди, лекин дунёнинг номдор командалари ҳам биз билан ҳазиллашишга журъат қилмаган бўлишарди... “Барса”ни биласан, уларнинг қисқа масофага тўп узатишларини бошқалар билмайди деб ўйлайсанми! Лекин дунёнинг манаман деган номдор клублари ҳам унга қарши ҳеч бало қилишолмайди. Бу  баччағарларнинг оёғида магнити борми, билмайман, сидириб ташламасанг кетгиси келмайди. Сизларда тўп “ишқилиб, фалончининг оёғига тушиб қолмайин-да” деб қочиб юрганга ўхшайди. Озиб-ёзиб бир йўналиб қолса ҳам унга пешвоз чиқиш қаёқда, автобусни кутгандай бемалол, “думалаяпти-ю, охири келади-да” деб кутиб туришади, бесабр рақиб “кейингисини кутиб тур” дегандек илиб ўтиб кетади... Айни шу ҳолатда жентилмен бўлиш шартмикин, болам?

Энди зўр ўйинчилар ҳақида. Миржалолга. Агар у ҳақиқаттан зўр бўлса, унинг ўрни захирада эмас, у – 90 дақиқа ўйнаши керак. Ўзининг баҳосини оқлаши учун. Шундагина ундан фойда бор, аксинча, йўқ. Уни буқадай қилиб скамейкага ялпайтириб қўйиб, ўйин тугашига 5-10 дақиқа қолганда туширишнинг нима фойдаси бор? Бутун команда саксон дақиқада қилолмаган ишни у ўн дақиқада нима ҳам қиларди! Нари борса, ўйинга мослашиб олади. Унинг Пеле ёки Месси эмаслигини била туриб, омадга умид қилиш кулгули эмасми, болам. Ахир, у ўзимизнинг қийшиқ оёқ боламиз-ку, болам... Омади чопса уради, омади чопмаса, чивин чаққандай диконглаб уёққа югуради, буёққа югуради, бир амаллаб ўйинни тугатади... Биринчи таймнинг ўзидаёқ рақибнинг руҳини синдириш, кучли-кучсиз демасдан, ҳар бир ўйинга сўнгги имкониятдай қараш керак. Шунда ўйинчиларнинг услублари чархланиб боради, жисмоний тайёргарлиги аъло даражада бўлади. Ҳар сафар ҳужумкор ўйин кўрсатиш керак, ҳимояга ётиб олишдан фойда йўқ, чунки яхши ҳимоя гўлдан асраса-да, гўл уриш имконини бермайди, муваффақиятлар калити фақат рақиб дарвозаси атрофида, ҳужумда, ўйиндан маъни ҳам шу ўзи. Бор имкониятларни ишга солиб, биринчи таймдаёқ ўйин тақдирини ҳал қилиш, ўйин тугаётганидаги асабийлашишларга етиб бормасликка ҳаракат қилиш керак. Вақтни ғанимат билиш керак, негаки, вақт тугаётганида энг зўр тактика ҳам иш бермай қолади. Ишқибозлар анойи эмас, улар омад нима, рақиблар кимлар эканлигини яхши тушунишади. Мазмунли, хатоларсиз ўйин кўрсатиб туриб ҳам ютқазсанг, ишқибозлар хафа бўлишмайди, аксинча, ҳурмат қилишади. Зўр – барибир зўр, уни ютиш учун ундан ҳам зўр бўлиш керак, буни ишқибозлар яхши тушунади. Кучи сен билан тенг ёки сендан ҳам кучсиз командага хатолар ва қўполликлар ёки нописандлик орқасида ютқизсанг, ишқибозлар кечирмайди. Командада бирининг ўрнини иккинчиси, ҳатто учинчи, тўртинчиси босадиган ўйинчилар бўлиши керак. Менинг энг ёмон кўрадиганим... эшитадиганим, мураббийнинг “фалончининг жароҳати бор эди, шу сабабли... фалончи йўқ эди, шу сабабли... фалончи ҳали тайёр эмас эди, шу сабабли... шунақа бўлиб қолди, кўргилик экан...” деган гаплари. Бу гапни клуб мураббийлари айтса, эҳтимол, ярашар. Лекин терма команда раҳбаридан эшитиш, юмшоқ қилиб айтганда, кулгили. Ахир сенинг имкониятларинг бир неча баравар юқори, сен клублардан йиғилган “қаймоқ”лар билан ишлаяпсан, ахир. Энг зўр фалончилар сенда-ку, ахир! Агар улар ҳақиқаттан зўр, таниш-билиш, босим остида келиб қолмаган бўлса, албатта. Бирининг ўрнини иккинчиси босолмаса, “терма”нинг клуб командасидан нима фарқи бор! Ана шунда ишқибозлар ҳам бой берилган ўйиндан кейин “фалончи ўйнаганда ундай бўларди, пистончи ўйнаганда мундай бўларди” деб фолбинлик қилишдан қутилган бўларди...

Охирги ўн дақиқа олдинги саксон дақиқага тенг, буни ҳеч қачон унутма. Бу ўн дақиқа ақл, маҳорат, шиддат ва совуққонлик баҳси. Ундан тўғри фойдаланган команда энг яқинда турган мақсадига эришади, яъни дуранг керак бўлса дуранг, ғалаба керак бўлса ғалаба. Кейин... жуғрофияни яхши биладиган биттасига вазифа бер, у жўраларига қайси мамлакат учун ўйнаётганликларини, кийимимизнинг ранги, қайси дарвоза бизники, қайси рақибники эканлигини яхшилаб, эринмасдан тушунтирсин. Боғча даври ўтиб кетганлигини, рақибнинг пудболкаси ёки шортисидан тортиб қолиш “аяя” эканлигини ҳаммага айт. Ўйин саксон беш дақиқа эмас, тўқсон дақиқа, баъзан ундан ҳам ошиқ давом этишини эслатиб ўт... Ҳой, нега сизлар охирги дақиқаларда ўйинни йиғиштириб қўясизлар, ё автобусларинг кетиб қоладими?           

Тезлик борасида икки оғиз. Мен тушунмайдиган яна бир нарса: тўп билан бирга югураётган ўйинчини тўпсиз югураётган ўйинчи қувиб етолмаслиги мумкинми? Бу савол ҳаммага тааллуқли. Уни уч марта қайта ўқиш, тўртинчисида – “йўқ”, бешинчисида – “пешонамиз қурсин” дейиш керак...

Энг муҳими нима? “Ғалаба муҳим эмас, қатнашиш муҳим”. Спортдаги бу машҳур ибора бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, айтиш мумкинки, бу вазифани биз неча йиллардан бери шараф билан уддалаб келяпмиз. “Саралашда қатнашсак бўлди, чемпионат муҳим эмас”, бу – бизнинг шиоримиз. Муҳими – қатнашиш, болалар, хавотирланманглар, мағлубият сабабларини олдиндан ишлаб чиққанмиз...” Бу балони бизнинг хотирамиздан ўчириб ташлаш учун нима қилиш керак, билмайман... Кейинги пайтларда рақиблар биз билан нимани хоҳласалар, шуни қилишяпти: хоҳласа – ютишади, хоҳласа – дуранг, хоҳласа – ютқазишади... Қачонгача бошқа командалар учун фақатгина партнёр бўлиш учун ўйинга тушамиз?

Латифа-савол. Бир командада ғилай ҳужумчи бор экан. Яхши ўйнаркану, ўйин авжи қизиганида, тўп қолиб, тўпнинг соясини қувлаб кетаркан. Савол: бундай вазиятда мураббий нима қилиши керак?

“Орқаси билан югурувчилар”. Фараз қилинг, рақиб ҳужумчиси майдон марказидан бошлаб тўпга эгалик қилиб, олдинга интиляпти, давангирдай тўртта ҳимоячи унинг олдига тушиб... орқаси билан югуряпти. Дарвозагача... Ҳимоячилар, бир пайт жарима майдончасига кириб қолишганини, дарвозага ҳам кириб кетиш “аяя” бўлишини сезиб қолишди ва... тўхташди. Ҳужумчи гумбуллатиб тўпни тепди. Дарвозабон тўпни кўрмай ҳам қолди, чунки уни ҳимоячилар тўсиб қўйган эди. Тўп дарвоза тўридан жой олди... Савол: ҳимоячиларнинг вазифаси рақиб ҳужумчисини дарвозага яқинлаштирмасдан хавфни бартараф этишми ё дарвозабонга халақит бериш? Шунақа эпизодни кўрганлар бўлса, айтсин. Шунақа пайтда, беихтиёр,“пудбол 99 фоиз ақл-фаросат, бир фоиз оёқ ўйини” дегинг келади.

“Устунлик биз томонда”. Кейинги пайтларда муҳим бўлмаган ўйинларни ютиб, нафақат рекламачиларимиз, шарҳловчиларимиз ҳам мақтанчоқ  бўлиб қолишди. Биру нолга ютқизаяпмиз (“устунлик биз томонда”), иккию нолга ютқизаяпмиз (“убт”), базўр дуранг қилаяпмиз (“убт”), биронта гол уролмаяпмиз (“убт”)... Барака топгур, устунлик деганда нимани тушунасиз ўзи? Натижасиз устунликнинг нимаси устунлик? Яхши ўйнасагу ютқизаверсак, устунлик биз томонда бўлсаю ютқизаверсак, бунақа устунликни, менимча, маккага қўшиб экиш керак. Нимага? Устунлигимизни ўзимиз сезамиз-у, бошқалар сезмайди... Яхшиси, саксон тўққиз минут ёмон ўйнаб, бир минут устунлик қилиб, таблога биру нолни ёзиб қўйсак, шуниси яхши эмасми? Нима, бу ишқибозларни ахмоқ қилишми ё кесатиқми? “Устунлик биз томонда” эмиш! Ишқибозлар истадионга “убт” учунмас, гўл учун боришади, ахир!

Ҳужумчи қандай бўлиши керак? Иккита-учта ҳимоячини алдаб ўтиб гўл уролмайдиган ҳужумчи – ҳужумчи эмас. Атрофга қараб, кўзи жавдираб шерик излайдиган ҳужумчининг боридан-йўғи. Бизда шундақалардан ким бор? Тўпни дарвозабонан ўтказиб берсанг, Ойсара опанинг қизи Жумагул тугул, менинг кампирим ҳам уради... Шердек бўлиб ўзингни тўдага урмайсанми, хумпар, нари борса йиқитишади ё тўпсиз қоласан, омадинг чопса гўл урасан, балки таваккалчининг ишини худо ўнглапти дегандай, дарвозабондан қайтган тўп яна қийшиқ оёқларингга келиб тушар, ҳаракат қилаверсанг самарасини кўрарсан, балки пенальти ишлаб оларсан, хуллас имкониятлар кўп. Рақиблар ҳам одам, уларнинг орасида ҳам бизларникига ўхшаган жойидан адашадиганлари чиқиб қолар. Бунақа вазиятни кўргилик эмас, худонинг марҳамати деб тушунмайсанми, хумпар! Ҳужумчининг  “шунча жойдан ўлай деб олиб келдим, ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ, ..., энди орқага қайтариб опкетаманми, баттар бўлларинг” деб, тўпни рақибга оширвориши, нима деган гап! Ё бўлмаса тўпни, ўзимизникиларни алдаб ўтиб, искалатга топширгандай қилиб ўзимизнинг дарвозабонга олиб келиб беришини қандай тушуниш керак?

Сақич кимга керак? Телевизирда сэр Пергуссоннинг сақич чайнаб ўтирганини кўп кўрган бўлсанг керак. Лекин бу сақичнинг баҳоси қанча эканлигини ундан бошқа ҳеч ким билмайди. У бу ўйингача шунчалик кўп меҳнат қилган ва кўрсатмалар бериб бўлганки, энди фақат сақич чайнаши қолган... Сен қачон сақич чайнайсан, болам? Биз, чоллар, теливизир  қаршисида нос чекишиб, маза қилиб, сўкинмасдан, қачон пудбол томоша қиламиз? Сўкинаман деб нос ютиб қўйишнинг нима эканлигини сен билмайсан. Кейинги вақтлар ичимиз “яшил дорихона” бўлиб кетди, болам. Чолларнинг уволидан қўрқмайсизларми?

Янгилик. Сўка-сўка Шовдир мумсикни ҳам пудболга ўргатиб олдик. Ўтган куни бир олам таассуротларини биз билан бўлишди. “Кўп нарса билиб олдим. Марадона билан Мадонна бошқа-бошқа одамлар экан, Арсин – венгр, Питр – чех, Кака – пудболист экан” дейди. “Ойнониб кетай”, дедим. Бошқа ҳеч нарса демадим. Кўнгли кўтарилиб кетган Шовдир бунданам зўр гап қилди: “Шалки нўл читири, Шалки нўл читири дейди, нимага улар ҳаммага бир хил ҳисобда ютқизади?..” Бу сафар чидаёлмадим: “Бу калланг билан сен биринчи лигага мураббий бўлсанг бўлади” дедим, хурсанд бўлиб қолди...

Интизом ҳақида. Интизом билан пудбол маданияти битта нарса, болам. Рақибларга пенальти ишлаб бериб, жамоанинг ютқизишига сабаб бўлганнинг битта маошини, ўз дарвозасига тўп киритганнинг иккита маошини қирқиб ташла. Рақибининг турсисидан тортгандан ўйин тугагач, албатта сўра, резинка унга нимага керак бўлдийкин?.. Бу ёшда рогатка отиш уят бўлса керак...

Тўп тепиш – бошқалар учун хобби, сизлар учун – иш. Ҳа, айнан иш, ахир шунинг орқасидан бизларга ўхшаб бола-чақа боқасизлар. Ишларингни сифатли қилсанглар бўлмайдими! Шортикларинг жиққа ҳўл бўлмаса, машғулотни машғулот деманглар!

Майдонга тупуриш. Баъзан оператирнинг пудболчини йирик планда кўрсатганини кўриб қоламиз. Бир нарсани қойиллатиб қўйгандай бемалол келаётган ўйинчи... чирт этиб тупуриб қўяди. Кимга тупуряпти, нимага тупуряпти, чўрт изнает! Қўрқманглар, бу нафақат сизларда, жаҳон пудболида ҳам учраб туради. Майдонга тупуриш тўғрими-нотўғрими, билмайман, лекин шуни томошабинга кўрсатиш шартмикин? Томошабин севимли командасидан гўл кутиб ўтирипти, кимнинг узоқроққа туплаши унга аҳамиятсиз. Майдонга туплайдиганларнинг иши унчалик ҳам  юришавермайди. Бориб турган маданиятсизлик бу! Майдоннинг чеккасига туфдон қўйиш вақти келди-ёв!.. Айтайлик, ёрдамчи ҳакамларнинг ёнига...

Кутилмаган қурбон. Охирги ўйинда биз битта “экстрасенс”имиздан айрилдик. Пенальти бошланганда “ҳозир мен рақиблар тўпини... кўзим билан тўхтатиб қоламан, тўпнинг дами чиқиб, пучайиб, дарвоза чизиғида тўхтаб қолади” деб, экран қаршисида ўтириб олди... Натижани ўзинг биласан. “Азайимхон” ўртоғимиз бўлса, кўп кучанганидан... гемарўй бўлиб қолди... Ҳозир ҳамширалардан “девятка” ишлаб ётипти, сизларни сўкишни ҳам унутаётгани йўқ....

Афсонага зарба. Кўплар ўйлаганидек, яхши ўйинчиларнинг кўп бўлиши билан аҳоли сонининг ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ, болам. Шундай бўлганида эди, финалда фақат Хитой билан Ҳиндистон учрашган бўларди. Хитой мутлоқ чемпион, Ҳиндистон вице-чемпион, Бразилия бронзадан нарига ўтолмасди. Амалда қандай эканлигини ўзинг биласан. Бразилиянинг кейинги муваффақиятсизликлари... жуда ҳам кучли эканликларида! Ўйинчилари шу даражада маҳоратлики, ҳар бири шахсий маҳоратини кўрсатгиси, гўл уриб мақтангиси келади. Кейинги пайтда уларда жамоавий ўйин йўқолиб боряпти. Шу йўлга қўйилса, уларга на испанлар, на олмонлар бас кела олади.

Лирик чекиниш. Шунча гапни айтиб қўйиб, ўзим қўрқиб кетдим: интирнет орқали хабар топганлар мени Гвардиёлами, Скалларининг ўрнига ишга таклиф қилиб қолишса, нима қиламан? Кампир, биз жаҳон чемпиони тугул коинот чемпиони бўлсак ҳам, чеварасига қавиётган кўрпасини ташлаб, у ёқларга бормайди. Ким менга кўк чой дамлаб, туфдонимни янгилаб беради? Яхшиси, “Қизилқум”га бораман... Кимнинг қитиғи келган бўлса, қўлини кўтарсин!   

Араблар ҳақида алоҳида. Дунёда уч хил пудбол бор, болам: яхши пудбол, ёмон пудбол ва араб пудболи. Пудбол испиктакили деб эшитгансан. Ана шуни арабларчалик қойилмақом қилиб ўйнайдиганлар топилмайди, болам. Гўё ўнта ўйинчи эмас, ўнта “халқ артисти” майдонга тушгандай. Айтайлик, биттасини чалиб (ёки чалмай) йиқитишди. Гўё дунёнинг энг номдор ўйинчисини дунёдаги энг пасткаш ўйинчи дунёдаги энг қабиҳ усул ёрдамида тўхтатиб қолди-ю, кўп минг сонли томошабин дунёдаги знг чиройли голни кўриш ўрнига... унинг энг кучга тўлган даврида ҳаёт билан видолашаётганига гувоҳ бўлиб турипти... Мана, у – миллионлар севимлиси, ерпарчин бўлиб, майсадан ҳам текис бўлиб ётипти... Бундан ортиқ ноҳақлик, ... ва ҳоказолар ҳам бўладими!.. Хуллас, қурғур, ҳакамни ҳам лақиллатади, жарима ҳам ундириб олади, керак бўлса, дам ҳам олиб олади... “Иши” битгач, бировнинг ёрдамисиз ўрнидан турганини кўрсанг, алфавитни эсингдан чиқариб қўясан... Оврупода гол урган ўйинчини тутиб келтириш қийин бўлса, Осиёда – йиқилган арабни турғазиш қийин, болам... Албатта, маълум бир шартлар эвазига...

Хуллас, араблар билан ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ўйнаш керак, болам. Улар овруполик ҳакамларни гел қилишни яхши кўришади. Осиёлик ҳакамлар – “элликка эллик”. Араблар тактик ўйинни бой беришлари мумкин, лекин “санъатнинг кучи” билан Бразилияни ҳам мағлуб қилишлари мумкин... Айниқса, думалаётган арабни кўриб, тўп ҳам хижолат бўлиб, тўхтаб, қараб туради...         

“Қўшимча вақт”. Мен қўрқадиган энг ёмон нарса шу, болам. Айниқса, у тўрт ёки ундан ошиқ дақиқа бўлса. “Ҳозир бир бало бўлади” дейман, айтганимдай бўлади. Ё ютқазиб қўямиз, ё дурангга эришамиз... Хотиржамликка берилишни қачон тўхтатасизлар? 

“Йўналишни тополмади”. Бу гапни шарҳловчилар айтишни хуш кўришади. Мен эса “ё алҳазар” дейман, кўзи кўрса-ю, тўпнинг қай томонга тепилаётганини тополмаса! Балки фолбинга ўхшаб тусмолламасдан, тўп тепилгандан кейин ташланиш лозимдир? Тўғри, дарвоза катта, дарвоза кенг, қайтаришга улгуриш қийин, биз, ишқибозлар, буни яхши  тушунамиз, лекин ахмоқ бўлиб кўриниш ўтказиб юборилган тўпдан-да хунук. Тўп ўнг бурчакка тепилса-ю, дарвозабон чап бурчакда ер муштлаб ётса, чап бурчакка тепилса-ю, “балогардон” ўнг бурчакдаги хаёлий тўпни қувлаб кетса!.. Баъзан шунақа лаҳза бўлади-ки, тўп марказга – нақ дарвозабоннинг ўзига тепилади, найнов амаки... “вой ўлдим” деб, ўзини чапга ёки ўнгга отворади... “Эҳ аттанг, жойингда турганингда ўзи тегиб қайтиб кетарди” дейдиган ахмоқ йўқ.... Бу гап нафақат бизнинг, балки бутун дунё дарвозабонларига тегишли... Хуллас, дарвозабон укалар, Андижонга тепилган тўпни Бухородан қидиришни катагаричиски бас қилинглар... Майли, бир ўйинда менга деса ўнта тўп ўтказиб юборинглар, фақат йўналишни ҳам топинглар, бу найнов одамнинг узун қўл ва оёқларидан ташқари ақли ҳам борлигини ишқибозлар кўрсин. Қани, сизни биронтаси айблаб кўрсин... шахшан вўжим (ужур, оғжимда ношим бор) у билан чолчашига гаплашиб қўяман... Тфу...

Нестирип боламга алоҳида. Лекин сенга меҳрим бошқача, болам. Сен бир ўйинда ўнта тўп ўтказиб юборсанг ҳам хафа бўлмайман. Сабаби, сенинг кўзларингда ўт бор, ҳаракатларингда маъно бор. Термага энг муносиб номзод ўзингсан, лекин афсуски, ҳимоячиларга ёлчимагансан. Улар сенга кўп халақит беришади, биламан. Лекин барибир ҳам рақиб ҳужумчисидан қўрқиб кетингда пусиб турмаганликларига шукур қилишинг керак...

Орзуга айб йўқ. Сен, Миржалол болам, гапларимга кўпам хафа бўлаверма. Ғалаба-ю мағлубиятлар ҳаммамизга тегишли. Биз – бир жамоамиз. Фақат тажрибали ишқибоз сифатида билганларимни сен билан ўртоқлашдим. Эҳтимол, баъзида нотўғри гапиргандирман, шундай бўлса, узр. Азбаройи худо, сен билан чемпионатга боришни жудаям хоҳлагандим.  Финалга Бразилия билан чиқиб, уч-у нол... майли, жа-а ўтказвормайлик... уч-у иккига... ютганимиздан кейин... Бразилиялик мураббий терлаб-пишиб ёнингга келиб, “Мишель, носингдан борми?” деса, сен, “узр, сэр, мен нос чекмайман, сақич чайнайман, фалон сектирда ўтирган Тўлан бобода зўри бор” десанг, мен узоқдан ишора қилиб, “охирги отим қолди” деб унамасам, сўнг ёнимда ўтирган Шовдир мумсикка илинсам... девдим...

Абиш махсум “қачон бизда нос чекадиган тринир пайдо бўлади, шунда чемпионатга борамиз” дейди (кўпни кўрган, тажрибали, қари мураббий демоқчи), нечоғлиқ ҳақ-ноҳақлигини билмайман. Лекин сизлар шу тарзда ишлайверсанглар, майдонга тўпни тўғри тепа оладиган Саксонбой, Тўқсонбойлардан ўнтасини тушириб юборамиз, ҳаммангиз ишсиз қоласизлар деб огоҳлантириб қўймоқчиман...

Нимага ҳакамлар ҳақида ҳеч нарса демадингиз дейдиганларга айтиб қўймоқчиман, бу жуда катта ва оғир мавзу, уларни бошқа пайт, алоҳида кўраман. Айниқса, японларни...

Энди бўлса, алам устида ёзган шеъримни эътиборларингга ҳавола қилмоқчиман. Элчилик, биронта думбул қўшиқ қилиб айтиб юборса ажаб эмас... “Ҳар тўрт йилда шу бўлар такрор, ҳар саралаш шундай ўтади... Қанча маблағ, асаб кетади... Қанча тиришмайлик у беор араблар бизни боплаб кетади (қофиясини ўзларинг тўғрилаб оласизлар). Ёр-ёр, ёр-ёр, ёрингманей...”. Қани ўйнайдиганлар бўлса, ўртага чиқсин, пенсадан қоган бешюзталигимни чаккасига қисдирвораман...

Суҳроб Очилов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 15:25, 03.10.2013.
Ўқилди: 11567 марта.
Фикрлар: 37 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.