«Барселона» вингери Карим Адейеми 5 октябрь, душанба куни жамоа машғулотларига қайтиши кутилмоқда.
SPORT маълумотига кўра, Германия терма жамоаси футболчиси халқаро танаффусдан жисмонан яхши ҳолатда қайтмоқда. Адейеми миллий жамоанинг дастлабки икки учрашувида жами 155 дақиқа ҳаракат қилди, аммо кейинги баҳсларда дам олиш имконига эга бўлди. Шу боис у «Барселона»нинг навбатдаги ўйинига бошқа айрим футболчиларга нисбатан тетикроқ ҳолатда етиб келади.
Бу ҳолат Адейемининг 10 октябрь куни Ла Лига доирасида «Хетафе»га қарши ўйинда майдонга тушиш имкониятини ошириши мумкин.
Айниқса, унинг чап қанотдаги асосий рақобатчиларидан бири Энтони Гордон Англия терма жамоаси сафида катта юклама олмоқда. Гордон Хорватияга қарши учрашувда ҳам майдонга тушиб, гол урди ва олдинда Чехияга қарши яна бир ўйини бор. Шу сабаб Ҳанси Флик англиялик футболчининг жисмоний ҳолатини инобатга олиб, унга дам бериши мумкин.
Адейеми эса «Барселона»даги янги мавсумини самарали бошлади. Германиялик ҳужумчи ҳозирга қадар каталонияликлар сафида 3 та гол уриб, 2 та голли узатма амалга оширган.
Шу тариқа, Адейеми «Хетафе»га қарши учрашувда Ҳанси Фликнинг асосий таркиб учун жиддий вариантларидан бири бўлиб турибди.
«Барселона» — «Хетафе» учрашуви 10 октябрь куни «Камп Ноу»да бўлиб ўтади.













