"Арсенал" ва Нидерландия терма жамоаси ҳимоячиси Юрриен Тимбер янги жароҳатлардан сақланиш учун қандай чоралар кўраётгани ҳақида гапирди. Футболчи жароҳат сабаб мавсумолди тайёргарлигини ўтказиб юборган, аммо сентябрь ойида сафга қайтган эди.
"Мен ҳар бир қадамимни жуда пухта ўйлаб босишим керак, акс ҳолда яна муаммоларга дуч келишим мумкин. Мен ҳар бир ўйинда майдонга тушишни ва бирорта ҳам машғулотни қолдирмасликни истайман. Физиотерапевтлар менга маслаҳатлар беришади ва мен уларни жуда диққат билан тинглашим керак", — дея Тимбернинг сўзларини TEAMtalk нашри келтирди.
Жорий мавсумда Тимбер Англия Премьер-лигасида икки учрашувда майдонга тушди. Шунингдек, у Нидерландия терма жамоаси сафида Миллатлар лигасидаги сўнгги икки ўйинда ҳам иштирок этди.
Ҳимоячи ушбу тўртта учрашувда гол ёки голли узатма билан ажралиб турмади.













