Туркиялик ярим ҳимоячи Арда Гюлер Мадриднинг "Реал" клубида қолади.
Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг хабар беришича, "Реал" 21 ёшли футболчи билан янги шартнома бўйича келишиб олган. Томонлар барча тафсилотларни ҳал қилган ва яқин вақт ичида битимни имзолаши кутилмоқда. Шундан сўнг клуб бу ҳақда расман эълон қилади.
"Реал" Гюлерни 2023 йилда "Фенербахче"дан 28 миллион еврога сотиб олган эди. Шундан бери ярим ҳимоячи барча мусобақалар ҳисобида 119 та учрашувда майдонга тушиб, 19 та гол урди ва 28 та голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt портали Арда Гюлернинг бозор қийматини 90 миллион еврога баҳоламоқда.
Испания чемпионатида етти турдан сўнг "Реал" 15 очко билан турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.













