Кириш Регистрация
07/10 19:00 Нефтчи - Хоразм

Фабио Каннаваро: “Жанубий Кореяга қарши уларнинг майдонида ўйнаш ҳаммага мураккаб”

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Жанубий Кореяга қарши кечадиган учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди. Италиялик мутахассис бўлажак рақиб, Жаҳон чемпионатидан кейинги ўзгаришлар, янги тактик ёндашув ҳамда таркибдаги соғлом рақобат ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Жанубий Корея ўз майдонида ҳар қандай рақиб учун хавфли эканини таъкидлаган Каннаваро, бўлажак баҳс осон кечмаслигини яширмади. Шунга қарамай, жамоа ўйинга юқори кайфиятда тайёргарлик кўрган.

“Кореяга келиш биз учун доим ёқимли, аммо олдимизда ўта қийин учрашув турибди. Жаҳон чемпионатидан кейин жамоада қатор ўзгаришларни амалга оширдик. Эртага энг яхши ўйинимизни намойиш этишимиз шарт. Кореяга қарши уларнинг майдонида ўйнаш ҳаммага мураккаб, бироқ майдонда бор кучимизни бериб, мазмунли футбол кўрсатишга ҳаракат қиламиз”, дейди мураббий.

Мураббийнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ўз тарихида илк бор мундиалда қатнашиши кутилган натижани бермаган бўлса-да, футболчиларнинг руҳиятида ўзгариш кузатилган.

“Бу турнир биз учун катта тажриба мактаби бўлди. Бундай даражадаги мусобақадан сўнг ўйинчиларнинг дунёқараши ва ўзига бўлган ишончи ўзгаради. Энди шу баланд даражани тушириб юбормаслигимиз ва йилдан йилга ривожланишимиз керак. ЎФА вакиллари ва футболчиларнинг ўзига ҳам доим уқтираман: иқтидорлар 17–21 ёш оралиғида Суперлиганинг асосий жамоаларида мунтазам ўйнаши шарт. Ёш футболчининг асл салоҳияти айнан шу даврда кўринади ва бу уларнинг миллий жамоага эртароқ мослашишига замин яратади”.

Сўнгги учрашувларда Ўзбекистон миллий жамоаси тўрт ҳимоячили схема ва фаол прессинг остида ҳужумкор ўйин кўрсатмоқда. Италиялик мутахассис дастлабки йилда нега бундай ўзгаришларга қўл урмаганига ойдинлик киритди.

“Бир йил аввал Ўзбекистон терма жамоасини қабул қилиб олганимда, ҳаммасини тубдан ўзгартиришни истамадим. Сабаби, жамоа Жаҳон чемпионатига айнан ўша ўйин услуби ва натижалар орқали чиққан эди. Аввало футболчиларнинг характери, одатлари ва жамоа муҳитини ўрганишим керак эди. Мундиалдан сўнг эса ўзгаришлар вақти келганини ҳис қилдим. Тактик схемани ўзгартириб, йигитларга ўз фалсафамни тушунтира бошладим. Бироқ ўзбекистонлик футболчиларга хос бўлган жанговар руҳ, курашувчанлик ва қарши ҳужумдаги тезкорликни йўқотмаслигимиз керак. Янги моделни айнан шу устунликларимиз атрофига қуряпмиз”.

Фаол прессинг борасида тўхталган мураббий буни тартибсиз амалга ошириш бутунлай ўйин интизомини бузишини айтиб ўтди. Шунингдек, Каннаваро терма жамоа эшиклари барча учун очиқлигини таъкидлади.

“Интенсивлик ва прессингни аниқ вақтда қўллаш жуда муҳим. Агар буни 90 дақиқа давомида тартибсиз бажарсак, жисмоний жиҳатдан панд еймиз. Ҳозир жамоада ўзаро тушуниш шаклланди ва йигитлар менинг талабларимни тўғри англамоқда. Бундан ташқари, терма жамоада доимий соғлом рақобат бўлиши шарт. Агар биз фақат 13–14 нафар ўйинчига ўралашиб қолсак, улардаги ички талабчанлик пасайиб кетади. Ёшларни кўпроқ жалб қилиб, ҳар бир чизиқда рақобатни максимал даражага олиб чиқиш ниятидамиз”.

Маълумот ўрнида, Жанубий Корея ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув 6-октябрь куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да старт олади.

Манба: www.daryo.uz
Киритилди: 16:46, 05.10.2026.
Ўқилди: 928 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик