Sky Sport Germany нашри Мюнхеннинг «Бавария» клуби 40 ёшли дарвозабон Мануэль Нойер ва 38 ёшли Свен Ульрайх жамоани тарк этган тақдирда кўриб чиқаётган голкиперлар рўйхатини эълон қилди. Уларнинг амалдаги шартномалари мавсум якунида ўз ниҳоясига етади.
Манбага кўра, мюнхенликлар 23 ёшли Йонас Урбигга дарҳол рақобат туғдирадиган ёки асосий дарвозабон мақоми учун очиқ кураш олиб борадиган ёш голкиперни изламаяпти. Аксинча, клуб тажрибали, барқарорликни таъминлай оладиган, етакчилик сифатларига эга ва ёрдамчи ролни қабул қилишга тайёр дарвозабонни қўлга киритишни режалаштирмоқда.
Номзодлар орасида «Кёльн»нинг 31 ёшли дарвозабони Марвин Швебе, «Хоффенхайм» голкипери Оливер Бауманн, «Фулхэм»дан Бернд Лено, «Аугсбург» вакили Финн Дамен, «Вольфсбург»нинг собиқ дарвозабони, айни пайтда «Ал-Қодисия»да ўйнаётган Коэн Кастелс ҳамда Франкфуртнинг «Айнтрахт» клуби собиқ голкипери, ҳозир «Париж» сафидаги Кевин Трапп бор.
Шунингдек, Берлиннинг «Унион» клуби дарвозабони Фредерик Рённов, «Байер»нинг собиқ футболчиси Лукаш Градецки («Монако»), «Ньюкасл» голкипери Ник Поуп, «Атлетико» вакили Хуан Муссо ҳамда «Спортинг» дарвозабони Руй Силва вариантлари ҳам кўриб чиқилмоқда.













