"Ливерпуль" дарвозабони Алиссон Бекер катта эҳтимол билан "Энфилд"даги сўнгги мавсумини ўтказмоқда.
Инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, клуб раҳбарияти футболчи билан янги шартнома бўйича музокара олиб бормаяпти. Амалдаги келишув эса келаси ёзда ўз ниҳоясига етади.
Қайд этилишича, Алиссоннинг ҳозирги шартномасида ҳамкорликни автоматик тарзда давом эттириш имконини берувчи ҳеч қандай банд йўқ. Шу сабабли, агар "Ливерпуль" фикрини ўзгартириб, футболчини жамоада сақлаб қолишни истаса, томонлар янги шартнома бўйича келишиб олишига тўғри келади.
Манба, шунингдек, аввалроқ Алиссонга "Ювентус" қизиқиш билдирганини таъкидлади. Турин клуби бразилиялик дарвозабон учун яна курашга қўшилиши мумкин.
Жорий мавсумда 34 ёшли Алиссон барча мусобақалар доирасида 6 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол ўтказиб юборди. У 3 та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.













