Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель Миллатлар лигаси гуруҳ босқичи 4-турида Чехия устидан қозонилган ғалаба ҳақида фикр билдирди.
6 октябрь куни Лондонда бўлиб ўтган учрашувда англияликлар рақибни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
«Ўйин жуда ҳаракатчан ўтди. Агар умумий контекстда қарайдиган бўлсак, бу кетма-кет тўртинчи учрашувимиз эди ва биз бутун ўйин давомида устунлик қилдик, жуда юқори концентрацияни сақладик. Яхши вазиятлар яратдик, чиройли голлар урдик, захирадан майдонга тушган футболчилар эса ўйинимизни янада кучайтирди. Яна жуда яхши ўйин ва муносиб ғалаба. Тўртала учрашув ҳам юқори савияда ўтди. Биз кучайдик ва буни кўрсата олдик. Барча футболчилар жамоа ва миллий либос учун борини беришга тайёр эканини кўрсатиб, ўз ҳиссасини қўшганидан хурсандман», — дея Тухельнинг сўзларини УЕФА матбуот хизмати келтирди.
Мураббий, шунингдек, Харри Кейннинг Чехия дарвозасига урган икки голига ҳам баҳо берди.
«Мен буни оддий ҳолатдек қабул қилмайман. У ҳар бир ўйинда шунчаки ажойиб даражада ҳаракат қилмоқда. Буни таърифлаш учун янги сўзлар топиш қийин», — деди Тухель.
Англия 9 очко билан А лигаси 3-гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Терма жамоалар Миллатлар лигасидаги навбатдаги учрашувларини ноябрь ойида ўтказади.













