Англия терма жамоаси сардори ва ҳужумчиси Харри Кейн Миллатлар лигаси гуруҳ босқичи 4-турида Чехия устидан қозонилган ғалаба ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
6 октябрь куни Лондонда бўлиб ўтган учрашув англияликларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. 33 ёшли Кейн дубль қайд этди ва терма жамоалар тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида якка ҳолда еттинчи ўринга кўтарилди.
«Бу шахсан мен ва бутун жамоа учун идеал кеча бўлди. Ушбу йиғин оғир ва узоқ давом этди, қийин ўйинлар ҳам бўлди. Шунинг учун уни бу ерда, «Уэмбли»да, барчамиз биргаликда яхши натижа билан якунлаганимиз жуда ёқимли.
Сиз яна бир бор ажойиб футболни кўрдингиз: қандай ҳаракатланишимиз, бир тегинишда ўйнашимиз. Эллиот Андерсоннинг Морган Рожерсга узатмаси ва кейинги бир тегинишдаги қанотдан узатма — бундан яхшиси бўлмайди. Ҳужумчи сифатида бундай вазиятларни кўриб, фақат гол уриш имкониятини интиқлик билан кутиб турасиз», — дея Кейннинг сўзларини УЕФА матбуот хизмати келтирди.
Футболчи, шунингдек, Англия терма жамоасидаги рақобат ҳақида ҳам фикр билдирди.
«Ҳар бир позиция учун рақобат доимо бўлади. Терма жамоада эканингизда, берилган имкониятдан тўғри фойдаланиш муҳим. Қанча вақт майдонда бўлишингиздан қатъи назар — 90 дақиқами ёки беш дақиқами — бор кучингизни беришингиз керак.
Бу таркибдаги ҳар бир футболчида кўриниб турибди. Ҳамма жамоанинг бир қисми бўлишни, таркибдан жой олишни хоҳлайди. Бу эса бизни фақат янада кучли қилади», — дея қўшимча қилди у.
Англия 9 очко билан А лигаси 3-гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Терма жамоалар Миллатлар лигасидаги навбатдаги учрашувларини ноябрь ойида ўтказади.













