«Манчестер Юнайтед» ва Англия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Рио Фердинанд «Олтин тўп» соврини Англия терма жамоаси капитани ва «Бавария» ҳужумчиси Харри Кейнга берилиши керак, деб ҳисоблайди.
Ҳужумчи Миллатлар лигаси гуруҳ босқичининг 4-турида Чехияга қарши ўйинда дубль қайд этди (3:0). Умуман, Харри Кейн жорий мавсумда терма жамоа ва «Бавария» сафида ўтказган 11 та ўйинда 12 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширди.
«Харри Кейннинг статистикаси — шунчаки ақл бовар қилмас даражада... У «Олтин тўп»ни олиши керак», — деб ёзди Фердинанд ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Йилнинг энг яхши футболчисига бериладиган совринни топшириш маросими 26 октябрь куни Лондонда бўлиб ўтади.













