Испания терма жамоаси Миллатлар лигаси А дивизиони плей-офф босқичига йўл олди.
Бугун Луис де ла Фуэнте шогирдлари гуруҳ босқичининг 4-турида Хорватияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг кейинги босқичида иштирок этишни кафолатлади.
Испания тўртта ўйинда максимал 12 очко тўплаб, гуруҳда етакчилик қилмоқда. Учинчи ўринда бораётган Хорватия испанлардан 9 очко ортда ва қолган икки турда уларга етиб ола олмайди.
B дивизионида иштирок этаётган Швейцария терма жамоаси эса Шимолий Македонияни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, юқори дивизионга кўтарилишни кафолатлади.
Мурат Якин жамоаси 12 очко тўплади ва гуруҳда учинчи ўриндаги Шотландиядан икки тур қолганида 8 очко олдинда бормоқда.
Словакия терма жамоаси ҳам Молдовани 4:0 ҳисобида енгиб, B дивизионига кўтарилди. Словакияликлар ҳисобида 10 очко бор ва улар Фарер ороллари ҳамда Молдовадан 6 очко олдинда.
Молдова ўзаро баҳсда Словакияга ютқазгани учун энди уни ортда қолдира олмайди. Бундан ташқари, Фарер ороллари ва Молдова ўзаро учрашув ўтказади ва бу баҳсда жамоалардан камида бири очко йўқотиши аниқ.













