«Комо» президенти Мирван Суварсо жамоа бош мураббийи Сеск Фабрегас шартномасида «Барселона», «Арсенал» ёки «Челси»дан таклиф тушган тақдирда клубни тарк этиш имконини берувчи махсус банд борлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Унинг сўзларига кўра, испаниялик мураббийга бундай банд керак эмас, чунки клуб ҳар қандай ҳолатда ҳам уни ушлаб қолмайди.
«У хоҳлаган жойига кетиши учун шартномасида махсус банд бўлиши шарт эмас. Бундай бизнесда Сеск, аввало, дўст. У хоҳлаган пайти ва хоҳлаган жойига кетиши мумкин. Агар эртага у менга қўнғироқ қилиб: “Мен эртага Леверкузенга кетмоқчиман”, деса, мен: “Агар шуни хоҳласанг, кет”, деб жавоб бераман. Менга товон пули керак эмас», — деди Суварсо.
Аввалроқ Фабрегаснинг 2028 йил июнигача амал қиладиган «Комо» билан шартномасида «Барселона», «Арсенал» ва «Челси» учун махсус банд борлиги хабар қилинган эди. Фабрегас футболчилик фаолияти даврида ушбу уч клубда ҳам тўп тепган.
Фабрегас Италиядаги фаолиятидан мамнун ва ўтган ёзда бир нечта таклифни рад этган. Уларнинг ҳеч бири юқоридаги уч клубдан бўлмаган.













