Лондоннинг «Арсенал» клуби собиқ ярим ҳимоячиси Жек Уилшер футболчилик фаолияти давомида бирга тўп тепган энг кучли футболчи ким бўлганини маълум қилди.
Англиялик собиқ футболчи бу борада «Манчестер Юнайтед» афсонаси Уэйн Рунини танлади. Улар ўз вақтида Англия миллий терма жамоаси сафида биргаликда ҳаракат қилишган.
«Мен бирга ўйнаган энг яхши футболчи? Уэйн Руни», — дея Уилшернинг жавобини келтиради The Touchline.
Маълумот учун, Жек Уилшер Англия миллий терма жамоаси сафида жами 34 та учрашув ўтказган. Ушбу баҳсларда ярим ҳимоячи иккита гол уриб, иккита голли узатмани амалга оширган.
Уэйн Руни эса миллий жамоада анча юқори натижалар қайд этган. У Англия терма жамоаси сафида 120 та учрашувда иштирок этиб, 53 та гол ва 21 та голли узатма муаллифи бўлган.
Руни клублар миқёсидаги фаолияти давомида «Эвертон», «Манчестер Юнайтед», АҚШнинг «Ди Си Юнайтед» ҳамда «Дерби Каунти» жамоалари шарафини ҳимоя қилган.













