Англия футбол ассоциацияси «Саутгемптон» клуби бош мураббийи Тонда Эккертни рақиб жамоа машғулотларини яширинча кузатиш билан боғлиқ можарода иштирок этгани учун жазолади.
Мутахассисга олти ҳафталик шартли дисквалификация тайинланди. Ушбу жазонинг ижроси 2027/28 йилги мавсум охирига қадар тўхтатиб турилади.
Можаро ўтган мавсумда Англия Премьер-лигасига чиқиш учун ўтказилган плей-офф баҳслари вақтида юзага келган.
Хусусан, «Мидлсбро»га қарши ярим финал учрашуви олдидан Эккерт томонидан юборилган клуб ходими рақиб жамоанинг машғулотини яширинча кузатаётган вақтда аниқланган.
Бу ҳаракат Англия футбол лигаси қоидаларининг бузилиши сифатида баҳоланган.
Кейинчалик тергов давомида шу каби яна бир нечта қоидабузарлик ҳолатлари ҳам фош этилган.
Натижада «Саутгемптон» «Мидлсбро»ни икки ўйин натижасига кўра мағлуб этиб, финалга йўлланма олганига қарамай, плей-офф босқичидан четлатилган.
Бундан ташқари, клуб 2026/27 йилги мавсумни бошлаш олдидан тўрт очкодан маҳрум қилинган.
Мазкур воқеалардан сўнг Тонда Эккерт йўл қўйилган қоидабузарликлар учун омма олдида узр сўраган.
Англия футбол ассоциацияси бош мураббийга олти ҳафталик шартли дисквалификациядан ташқари 28 минг фунт стерлинг миқдорида жарима ва расмий огоҳлантириш ҳам берди.













