«Ковентри Сити» бош мураббийи Фрэнк Лэмпард «Манчестер Сити»ни молиявий қоидабузарликларда айбдор деб топган мустақил комиссия қарорига муносабат билдирди.
Манчестер клуби мазкур ҳукм устидан аллақачон апелляция шикояти киритган.
Лэмпард иш бўйича якуний қарор чиқарилмагунча вазиятга баҳо бериш қийинлигини таъкидлади.
«Барчамиз бу хабарларни кўрдик. Албатта, бу катта янгилик. «Манчестер Сити» апелляция шикояти бермоқда.
Апелляция жараёни давом этаётган бир пайтда нима ҳам дейиш мумкин? Мен у ерда нималар бўлаётганидан хабардор эмасман.
Анча олдин «Манчестер Сити»да ўйнаганман, у ерда бир йил ўтказганман. Натижа қандай бўлишини кўрамиз», — дея Лэмпарднинг сўзларини келтиради Goal нашри.
Шунингдек, «Манчестер Сити»нинг собиқ ярим ҳимоячиси жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Энцо Марескани қўллаб-қувватлади.
«Вазият қандай бўлишидан қатъи назар, мен доим мураббийни ҳурмат қиламан. Чунки биз билмайдиган жуда кўп нарсалар бор», — деди Лэмпард.
Фрэнк Лэмпард 2015/2016 йилги мавсумда «Манчестер Сити» сафида тўп тепган.
У Манчестер клуби таркибида 38 та учрашувда майдонга тушиб, саккизта гол урган ва ўша даврда бирорта ҳам соврин қўлга киритмаган.













