УЕФА президенти Александер Чеферин ва КОНКАКАФ раҳбари Виктор Монтальяни ФИФА президенти Жанни Инфантинога ташкилотга аъзо 211 та миллий футбол ассоциациясининг ҳар бирига 10 миллион доллардан маблағ ажратишни таклиф қилди.
Уларнинг фикрича, бундай молиялаштиришни жаҳон чемпионатига оид тижорий ҳуқуқларни сотмасдан ҳам амалга ошириш мумкин.
Таклифга кўра, миллий ассоциацияларга жами 2,11 миллиард доллар тақсимланганидан кейин ҳам ФИФА захирасида 2,6 миллиард доллар маблағ қолади.
Шунингдек, ташаббус муаллифлари олтита қитъа футбол конфедерациясининг ҳар бирига 36 миллион доллардан, минтақавий футбол иттифоқларига эса 3 миллион доллардан ажратишни таклиф қилмоқда.
Мазкур ташаббус Жанни Инфантинонинг жаҳон чемпионати ва бошқа мусобақаларга оид тижорий ҳуқуқларнинг 20 фоизини янги ташкил этиладиган FIFA Forward Enterprise тузилмаси орқали сотиш режаси билан боғлиқ.
Аввалроқ ФИФА раҳбари ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаган миллий футбол ассоциацияларига қўшимча молиявий ёрдам ажратилишини ваъда қилган эди.
Чеферин ва Монтальяни эса ФИФАнинг мавжуд молиявий имкониятлари аъзо ассоциацияларни қўллаб-қувватлаш учун етарли, деб ҳисобламоқда.
Ҳозирча мазкур таклиф юзасидан якуний қарор қабул қилингани ҳақида маълумот берилмаган.













