Ўзбекистонлик мутахассис Максим Шацких Киевнинг «Динамо» клуби бош мураббийлигига номзод сифатида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Eurasia Football ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, 48 ёшли мутахассис 2027 йилда Украина клубини бошқариши мумкин. Айни пайтда жамоани Игорь Костюк бошқармоқда.
Ҳозирда Шацких Қирғизистонда фаолият юритмоқда. У Таласнинг «Азия» клуби бош мураббийи ҳисобланади. Олий дивизиондаги дебют мавсумини ўтказаётган жамоа чемпионлик учун кураш олиб бормоқда. «Азия» 25 та учрашувдан кейин 49 очко билан учинчи ўринда бормоқда ва пешқадам «Барс»дан атиги уч очкога ортда қолмоқда.
Шацких «Азия»ни 2026 йилги мавсум олдидан қабул қилиб олган. Ўтган йилнинг охирида ташкил этилган клуб учун жорий чемпионат олий дивизиондаги илк мавсум ҳисобланади.
Киевнинг «Динамо» клуби Шацкихнинг футболчилик фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси 1999–2009 йилларда Украина жамоаси шарафини ҳимоя қилган. У клуб билан бир неча бор Украина чемпионига айланган ва узоқ вақт жамоанинг етакчи ҳужумчиларидан бири бўлган. Фаолиятини якунлагач, «Динамо» тизимида мураббий сифатида ҳам ишлаган.
Қирғизистонга кўчиб ўтишидан аввал Шацких Ўзбекистоннинг «Пахтакор» ва «Андижон» клубларида бош мураббий бўлиб ишлаган. У Тошкент жамоаси билан Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган.













