Англиянинг "Манчестер Юнайтед" клуби Мюнхеннинг "Бавария" жамоаси ва Канада терма жамоаси ҳимоячиси Альфонсо Дэвисга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Манбанинг хабар беришича, Германия гранди канадалик қанот ҳимоячисини ўз сафида сақлаб қолишни афзал кўради. Бироқ клуб раҳбарияти Дэвисни ҳар қандай ҳолатда ҳам сотилмайдиган футболчилар қаторига киритмаган.
Агар "Манчестер Юнайтед" томонидан молиявий жиҳатдан жозибадор таклиф келиб тушса, "Бавария" трансфер бўйича музокараларга киришиши мумкин.
25 ёшли футболчи 2019 йил январь ойидан буён мюнхенликлар шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йил июнь ойи охирига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt портали мутахассислари Альфонсо Дэвиснинг ҳозирги трансфер қийматини 45 миллион еврога баҳоламоқда.













