«Бавария» спорт директори Макс Эберль клуб ҳужумчи Харри Кейн билан янги шартнома бўйича келишувга эришгани ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди.
«Мен ҳам бу ҳақда ўқидим. Аммо ҳозирча вазият ўзгаришсиз қолмоқда. Музокаралар яхши кетяпти, лекин ҳозирча сизларга маълум қиладиган янгилигимиз йўқ», — дея функционернинг сўзларини келтирмоқда Bayern & Germany.
33 ёшли ҳужумчи жорий мавсумда барча мусобақаларда тўққизта учрашувда иштирок этиб, саккизта гол урди ва тўртта голли узатмани амалга оширди.
Кейннинг «Бавария» билан амалдаги шартномаси келаси ёзда якунига етади. Нуфузли Transfermarkt портали экспертлари англиялик ҳужумчининг трансфер қийматини 60 миллион евро деб баҳоламоқда.













