Ўзбекистон Суперлигасининг 24-туридан ўрин олган “Сурхон” — “Хоразм” учрашуви 0:0 ҳисобида якунланди. Терма шаҳрида кечган баҳсда ҳар икки жамоа гол уриш учун бир қатор имкониятларга эга бўлди, бироқ дарвозалар ишғол этилмади.
Учрашувни фаол бошлаган мезбонлар дастлабки дақиқаларданоқ рақиб жарима майдончаси яқинида хавфли вазиятлар ярата бошлашди. 6-дақиқада Шербўтаевнинг зарбасига аниқлик етишмади. Орадан кўп ўтмай, Абдуллажоновнинг зарбасини “Хоразм” дарвозабони қайтарди. 14-дақиқада эса Фрайдейнинг узатмасидан кейин Дзебниаури бош билан дарвоза томон зарба йўллади, аммо дарвозабон яна ишончли ҳаракат қилди.
Биринчи бўлим давомида “Сурхон” ҳужумда фаолроқ кўринди. 27-дақиқада Абдуллажонов алдамчи ҳаракатлар билан рақиб жарима майдончасига кириб борди, бироқ вазиятни аниқ зарба билан якунлай олмади. 40-дақиқада Абдуҳамидовнинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси ноаниқ кетди. Танаффус арафасида Фрайдей ва Дзебниаури ҳамкорлигида ташкил этилган ҳужумдан кейин Абдуллажоновнинг зарбаси ҳам дарвозага бориб тушмади. 43-дақиқада эса “Хоразм” қарши ҳужумга ўтиб, мезбонлар дарвозасига хавф солди, бироқ Мерганов вазиятни бартараф этди.
Иккинчи бўлимда ҳам жамоалар гол уриш учун ҳаракат қилишди. 54-дақиқада Рамазоновнинг зарбасини рақиб дарвозабони эгаллаб олди, бир дақиқа ўтиб Турсуновнинг зарбаси ноаниқ кетди.
60-дақиқада Шербўтаевнинг зарбаси рақиб ҳимоячисига тегиб, майдонни тарк этди. Ушбу вазиятдан кейин эҳтимолий пенальти масаласи VAR орқали текширилди, аммо ҳакамлар 11 метрлик жарима зарбасини белгиламасликка қарор қилишди.
68-дақиқада “Сурхон” яна бир хавфли ҳужум ташкил этди. Фрайдейнинг якуний зарбаси рақиб ҳимоячисига тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. 77-дақиқада захирадан майдонга тушган Ўктамов рақиб жарима майдончасига кириб, зарба йўллади, бироқ “Хоразм” дарвозабони яна жамоасини қутқарди. 83-дақиқада бурчак зарбасидан кейин Шамсиевнинг зарбасига эса аниқлик етишмади.
Учрашувнинг асосий вақтига беш дақиқа қўшиб берилди. Қолган дақиқаларда ҳам ҳисоб ўзгармади ва жамоалар муросасиз курашларга бой баҳсда бир очкодан қўлга киритишди.
Шу тариқа, Суперлиганинг 24-турида “Сурхон” ва “Хоразм” ўртасидаги учрашув голсиз дуранг билан якунланди.













