Мадриднинг «Реал» клуби ҳимоячиси Ферлан Менди вояга етмаган ўсмирга унинг итларидан бири ҳужум қилгани сабаб судга тортилади. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Мадрид жиноят ишлари бўйича суди мазкур иш юзасидан суд жараёнини 21 декабрь кунига белгилаган.
Менди тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликда айбланмоқда. 2023 йил 4 январь куни футболчининг назоратсиз қолган тўртта ити ҳовлидан чиқиб кетган. Улардан бири 17 ёшли ўсмирнинг оёғини тишлаган, шунингдек, яна иккита итга ҳам ҳужум қилган. Жароҳат олган итлардан бирини кейинчалик аҳволи оғирлиги сабабли ухлатишга тўғри келган.
Манбага кўра, прокуратура «Реал» ҳимоячисини 1,2 минг евро миқдорида жаримага тортишни, шунингдек, жабрланувчиларга жами 5,7 минг евро товон пули тўлашни талаб қилмоқда.













