Европа Чемпионлар Лигасининг 3-тури доирасида Парижда бўлиб ўтган “ПСЖ” ҳамда “Барселона” учрашувида (4:2) француз клуби ишқибозлари томонидан намойиш этилган провокацион баннер испан жамоасининг кескин эътирозига сабаб бўлди. Каталонияликлар ҳолат юзасидан UEFA’га расмий шикоят йўллади.
Marca нашрининг хабар беришича, ўйин бошланишидан аввал “Park de Prens” стадиони трибуналарида “ПСЖ” мухлислари “Париж қирғини” ёзуви туширилган улкан баннерни ёйишган. Унда “13-санадаги жума” фильми қаҳрамони Жейсонни эслатувчи ҳамда “ПСЖ” либосини кийиб олган персонаж “Барселона” эмблемасини бензоарра билан арралаётгани тасвирланган эди.
Каталонияликлар ушбу хатти-ҳаракатни ўта ҳақоратли деб баҳолаб, танаффус вақтидаёқ стадионда фаолият олиб борган UEFA делегатига расмий шикоятни топширишган. Шунингдек, “Барселона” вакиллари трибуналардаги клуб шаънига қаратилган бошқа ҳақоратли сўзлар ёзилган баннерларни ҳам зудлик билан олиб ташлашни талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур учрашувда зафар қучган “ПСЖ” ғалабали сериясини давом эттириб, 9 очко билан турнир жадвалида пешқадамга айланиб олди. Бу мағлубият эса “кўк-анорранглилар”нинг барча мусобақалардаги 11 ўйинлик қуруқ сериясига барҳам берди ва жамоа 6 очко билан 5-ўринга тушиб қолди.
Навбатдаги турда “ПСЖ” Испанияда “Вильярреал” меҳмони бўлса, “Барселона” ўз майдонида Англиянинг “Астон Вилла” клубини қабул қилади. Ҳар иккала учрашув 3 ноябрь кунига белгиланган.













