"Комо" Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 3-турида ўз майдонида "Манчестер Юнайтед"ни 4:1 ҳисобида йирик мағлубиятга учратди.
Мезбонлар ярим ҳимоячиси Нико Пас учта самарали ҳаракат қайд этди. Аргентиналик футболчи 2-дақиқада ҳисобни очди, 49-дақиқада Анастасиос Дувикасга голли узатма берди ва 57-дақиқада иккинчи голини уриб, дубль қайд этди.
76-дақиқада Хакобо Рамон "Комо"нинг тўртинчи голини урди.
Учрашув якунида "Манчестер Юнайтед" битта жавоб голини уришга муваффақ бўлди. Жошуа Зиркзее ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Ушбу ғалабадан сўнг "Комо" 6 очко билан Чемпионлар лигаси умумий босқичи турнир жадвалида олтинчи ўринга кўтарилди. Кетма-кет иккинчи мағлубиятини қабул қилган "Манчестер Юнайтед" эса 3 очко билан 20-поғонада бормоқда.
Кейинги турда "Манчестер Юнайтед" 3 ноябрь куни ўз майдонида "Рома"ни қабул қилади. "Комо" эса 4 ноябрда сафарда "Ланс"га қарши майдонга тушади.













