Биринчи бўлимда мезбонлар устунликка эга бўлди, аммо вазиятларини голга айлантира олмади. Танаффусдан кейин эса «Ньюкасл» ўз имкониятидан фойдаланди: Осула ҳисобни очди. Кўп ўтмай, Уилкокснинг голи офсайд сабабли бекор қилинди. Бироқ 58-дақиқада Барнс иккинчи тўпни киритиб, меҳмонларнинг устунлигини мустаҳкамлади. Ҳар икки гол ўнг қанотдан марказга узатилган тўплардан кейин юзага келди.
«Кристал Пэлас» қолган вақтда ҳисобни ўзгартира олмади. Шу тариқа, Англия Премьер-лигасида кетма-кет икки мағлубиятдан кейин «Ньюкасл» ғалабага эришди.













