Мадриднинг "Реал" клуби собиқ ярим ҳимоячиси Тони Кроос жамоа ҳужумчилари Килиан Мбаппе ва Винисиус Жуниорнинг ўйинига юқори баҳо берди.
Немис футболчисининг таъкидлашича, ҳар икки ҳужумчининг тезкорлиги ва майдондаги ҳаракатлари ярим ҳимоячиларнинг вазифасини анча енгиллаштиради.
"Килиан Мбаппе ва Винисиус — ярим ҳимоячилар учун ҳақиқий совға. Бундай ҳужумчилар олтинга тенг, чунки улар ҳимоячилардан уч қадам тезроқ ҳаракат қилишади", — дея Крооснинг сўзларини келтиради Madrid Xtra.
Жорий мавсумда Мбаппе барча мусобақалар доирасида 13 та учрашувда майдонга тушиб, 14 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Винисиус эса 11 та ўйинда 1 та гол ва 3 та ассист қайд этди.
Испания чемпионатида 10 турдан сўнг "Реал" 24 очко билан турнир жадвалининг учинчи поғонасини эгаллаб турибди. Мадридликлар пешқадам "Барселона"дан 3 очко ортда қолмоқда.













