«Бавария» ярим ҳимоячиси Конрад Лаймер Бундеслиганинг 8-турида дортмунднинг «Боруссия»си билан қайд этилган дурангдан (2:2) қониқиш ҳосил қилмади.
Австриялик футболчининг фикрича, мюнхенликлар учрашувда ғалаба қозониш учун етарлича имкониятга эга бўлган.
«Кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Бунинг учун етарлича вазиятлар яратдик.
Иккинчи бўлимда рақибда кўп имконият бўлмади, аммо улар иккита гол уришга муваффақ бўлишди. Биз эса яратган вазиятларимиздан тўлиқ фойдалана олмадик.
Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Бу дуранг биздан кўра «Боруссия» учун фойдалироқ бўлди», — деди Лаймер.
«Бавария» 18 очко билан Германия чемпионати турнир жадвалида пешқадамликни давом эттирмоқда.













