Хитой давлат телеканали CCTV "Реал" ҳужумчиси Килиан Мбаппе атрофидаги можародан кейин Испания чемпионати ўйинлари трансляцияларини ҳалигача қайта тикламади. Чекловлар душанба кунидан буён амал қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, можаро француз ҳужумчиси берган интервьюда Хитойнинг собиқ раҳбари Мао Цзэдунни диктатор деб атаганидан кейин келиб чиққан эди.
Испаниянинг Marca газетаси маълумотларига кўра, сўнгги кунларда CCTV телеканали эфирида Ла Лиганинг бирорта ҳам учрашуви намойиш этилмаган. Шу билан бирга, Хитойда Ла Лиганинг эксклюзив ҳамкори ҳисобланган Migu рақамли платформаси барча ўйинларни, "қаймоқранглилар" иштирокидаги баҳслардан ташқари, намойиш этди ва келгусида ҳам кўрсатишни режалаштирмоқда.
Мбаппе ва "Реал"нинг узр сўраганига қарамай, CCTV эфирида ўйинлар трансляцияси қачон қайта тикланиши ҳозирча номаълум. Телеканал ва Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бу масала бўйича аниқ жавоб бермаяпти.













