Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси Денис Истомин Москвада бошланган АТР таснифига кирувчи «Кремль кубоги» мусобақасининг ҳам жуфтлик, ҳам яккалик мусобақаларини ғалаба билан бошлади.
Бугун ҳамюртимиз россиялик Александр Кузнецов билан баҳс олиб борди ва 3та сет якунига кўра рақибини мағлубиятга учратди. Денис иккинчи сетни рақибига бой берди — 2:6. Биринчи ва учинчи сетларда эса Кузнецовга ҳеч қандай имконият қолдирмади — 6:0, 6:1. Мусобақада бешинчи тартиб рақамига эга бўлган Истомин иккинчи босқичда катта эҳтимол билан хорватиялик Иво Карловичга қарши кортга чиқади. АТР рейтингида 86-ўринни банд этган ушбу теннисчи айни дақиқаларда АҚШлик Денис Кудлани мағлубиятга учратмоқда (6:2, 4:1).
Жуфтликда эса Истомин россиялик шериги Михаил Елгин билан биргаликда кеча 3-рақамли жуфтлик — Томаш Беднарек (Польша) / Даниэль Браччали (Италия)ни мағлуб этишди — 6:3, 6:3.