Хорватия ўсмирлар терма жамоаси бор эътиборини ЖЧда ўзининг дастлабки ўйинида ғалаба қозонишга қаратган. Иван Гуделж шогирдлари эртага маҳаллий вақт билан 17:00да Марокашга қарши баҳс олиб боришади.
Апрель ойида бўлиб ўтган Европа чемпионатининг гуруҳ босқичида Италия ва Россия билан дуранг ўйнаган ва ярим финалга чиқа олмаган хорватлар учун илк ўйинда ғалаба қозониш катта аҳамиятга эга.
"С" гуруҳида Осиё чемпиони Ўзбекистон, Марказий ва Шимолий Америка вице-чемпиони Панама терма жамоалари ҳам баҳс олиб боришини инобатга олсак, гуруҳда анча кескин кураш кечади.
"Гуруҳдан чиқишни мақсад қилганмиз ва унга эришиш учун биринчи ўйин натижаси муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун Марокаш билан ўйинга катта эътибор қаратяпмиз. Биринчи ўйинда мағлубиятга учрамаслигимиз керак. Ғалаба эса гуруҳдан чиқиш имкониятимизни оширади", дейди Хорватия ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Иван Гудалж бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Бу жамоада асосий эътибор Ален Халиловичга қаратилади. Загребнинг "Динамо" клуби ярим ҳимоячиси 17 ёшида миллий терма жамоа таркибида ўйнаган бўлса, шунингдек, Хорватия Премьер-лигасида гол урган энг ёш футболчи сифатида ўзига хос рекорд ўрнатди.
"ЕВРОдагига нисбатан яхширок натижа қайд этиш ниятидамиз. Биз қитъа чемпионатида гуруҳдан чиқа олмагандик. Россия ва Италияга қарши ўйинларда дуранг ўйнадик, фақат камроқ гол урганимиз учун гуруҳдан чиқа олмадик", дейди Халилович. "Ҳар бир ўйинда майдонга тушишга умид қиляпман. ЖЧда иштирок этишга муносиб эканимизни исботлашга ҳаракат қиламиз. Биз ҳар бир жамоа билан рақобатлаша оламиз. Жамоамиз — кучли. Биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз".
"Осиек" клуби футболчиси Чарльз Лулич эса қуйидагича фикр билдирди: "Жамоада ажойиб муҳит ҳукм сурмоқда. Мусобақа бошланишини интизорлик билан кутяпмиз. Тайёргарлик жараёнида ўйинларимиз кўрсатдики, биз кучли жамоаларга қарши ўйнай оламиз. Шунинг учун ҳеч бир жамоани фаворит сифатида тан олмайман".
Марокаш ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Абдулла ал-Идрисий эса: "Гуруҳ босқичидаги барча рақибларимизни ҳурмат қиламиз. Биз мусобақага яхши тайёргарлик кўрдик. Маҳаллий иқлимга ҳам яхши мослашиб олдик. Биз БААга Марокаш байроғини ва шаънини ҳимоя қилиш учун келдик", дея таъкидлаб ўтди.
Марокаш ўсмирлар терма жамоаси бундай мусобақада илк маротаба қатнашаётган бўлса, Хорватия 2011 йилги мусобақада гуруҳдан чиқа олмаганди. Панама эса нимчорак финалга чиққан бўлса, Ўзбекистон чорак финалгача етиб борганди.