Ҳар қандай мусобақада биринчи ўйин натижаси катта аҳамиятга эга. Бунда эса ҳаяжонни йиғин олиш муҳим эканлигини яхши ҳис қилган Дилшод Нуралиев ўйин бошиданоқ эҳтиёткор ўйин намойиш қилишни маъқул кўрди. Бундан вакилларимиз тўпни асосан узоқ масофалардан ҳужумга етказиб, рақибнинг хато қилишини кутишди.
Учрашувнинг дастлабки 10 дақиқаси давомида панамаликлар босим уюштиришга интилишган бўлса, 15-дақиқаларга келиб эса ўйин тенглашди. 20-дақиқалардан бошлаб терма жамоамиз ташаббусни ўз қўлига олиб, Панама дарвозаси томон бир нечта ҳужумлар уюштиришди, бир неча маротаба зарбалар беришди. Иззатилла Ибрагимов ва Жамшид Болтабоевнинг зарбаларига аниқлик етишмади.
Яна бир жиҳат. Нуралиев шогирдлари жуда кўп марталаб узоқдан зарба беришди. Баъзан, қисқа узатмалар орқали дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетиш мумкин бўлган вазиятларда ҳам футболчиларимиз зарба йўллайверишди.
Бўлим сўнгида эса рақибларимиз ҳам 1-2 хавфли вазиятларни содир этиш орқали техник жиҳатдан кучли ҳужумчиларга эга эканини намойиш этишди. Посбонимиз Сарвар Каримов 2 марта хавотирли вазиятда ўзини дадил тута олди ва тўпни эгаллаб олди.
Иккинчи бўлимни терма жамоамиз ишонч билан бошладию, аммо панамаликлар ҳам узоқ масофадан зарба бериш кераклигини эслаб қолишди. Молинанинг 25 метрлардан йўллаган зарбаси дарвоза устуни ва тўсини кесишган жойга бориб тегди! Ушбу вазиятда Сарвар Каримов фақатгина томошабинга айланганди.
Ўйиндаги дастлабки бурчак тўпини 51-дақиқада амалга оширдик. Ушбу вазият Ашурматовнинг бош билан берган зарба беришию, дарвозабоннинг тўпни эгаллаб олиши билан якунланди. Орадан 6 дақиқа ўтиб эса томонлар ҳар иккала дарвозабоннинг маҳоратларини синаб кўришди. Улар синовдан яхши ўтишди.
Терма жамоамиз, ниҳоят, учрашувнинг 68-дақиқасига келиб ҳисобни очди! Иззатилла Ибрагимов ўнг қанот чизиғи ёнида футболчини алдаб ўтаётганида Панаманинг чап қанот ҳимоячиси унга нисбатан қўпол ўйнади ва қанот ҳаками ушбу вазиятни "фол" деб кўрсатди. Ҳамдамов тўпни ўйинга киритишга тайёрланаётган пайтда трансляция оператори ва режиссёри бироз олдин захирадан майдонга тушган Шоҳжаҳон Аббосовни кўрсата бошлади. Уларнинг кўнгли бир нимани сезган шекилли, Достонбек узатган тўпни Аббосов оёқ билан дарвозага буриб юборди. Давлат Турдалиев тўғри ўхшатиш қилди: Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Теҳронда Эрон дарвозасига урган голининг нусхаси бўлди.
Бутун жамоа бўлиб ҳимояланишда бехато ўйнай олмаётган панамаликлар энди бор эътиборни ҳужумга қаратиб, ҳимояни унутиб қўйишлари мумкин эди. Голдан 3 дақиқа ўтар-ўтмас дастлабки қарши ҳужумда хавфли вазиятга эга бўлдик. Достонбек Ҳамдамовнинг 16 метрдан берган зарбасини дарвозабон яна қайтариб қолди. Худди шунга ўхшаш вазиятда рақибнинг берилган зарбани "Локо" дарвозабони босиқлик билан эгаллаб олди.
Навбатдаги бурчак тўпи эса бизга омад келтирди. Тўп ҳимоячига келиб, ҳимоячимиз Ашурматовга келиб тушди. Иккинчи рақамли футболчимиз чап оёқда дарвозанинг бурчагини аниқ нишонга олди. 2:0!
Ўйиннинг 80-дақиқасида ҳимоячиларимиз бироз суст ҳаракат қилиши натижасида Панама ҳужумчиси Исмоил Диаз дарвозабонимиз билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва зарба беришда ўта нўноқликка йўл қўйди: яқин масофадан дарвозага зарба бера олмади. Агар ушбу вазият голга айланганида сўнгги 10 дақиқаликни катта хавотир билан кузатишга маҳкум этилардик.
Қолган дақиқаларда Панама олдинги интилди, аммо жамоавий ҳимояланиш қандай бўлиши кераклигини Нуралиев шогирдлари кўрсатиб бера олишди.
Дилшод Нуралиев рақибини тактик жиҳатдан енга олди. Рақиб, об-ҳаво ва ҳаяжонни енгиб, ўйинни 2:0 ҳисобида ҳал қилиш жуда яхши натижа. Дастлабки турдан кейин Марокаш ва Ўзбекистон терма жамоалари ўз ҳисобига 3 очкодан ёзиб қўйишди.
Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати
"С" гуруҳи. 1-тур. 21:00.
ПАНАМА - ЎЗБЕКИСТОН - 0:2 (0:0)
Голлар: Шоҳжаҳон Аббосов (68), Рустам Ашурматов (76)
Огоҳлантириш: Жамшид Болтабоев (45)
Панама: 1. Жейм де Грация, 2. Кристофер Баред (Стивен Сантос 61), 3. Кевин Галван, 5. Чин Хормечеа, 6. Хесус Арая (С), 7. Элиесер Домингез, 10. Исмоил Диаз, 11. Луис Канате, 14. Вернер Валд, 18. Эрвин Зоррилла (Луис Зунига 74), 19. Милсиадес Молина
Ўзбекистон: 1. Сарвар Каримов, 2. Рустам Ашурматов, 4. Акром Комилов, 5. Одил Ҳамробеков, 7. Жамшид Болтабоев, 9. Иброҳим Абдуллаев, 11. Акобир Тўраев (Шоҳжаҳон Аббосов 63), 15. Иззатилла Абдуллаев (14.Исломбек Каримов 89), 16. Равшан Хурсанов (Жавоҳир Сиддиқов 46), 17. Достонбек Ҳамдамов, 20. Отабек Шукуров (С)
Ҳакамлар: Даниел Беннет (ЖАР), Ранге Марва (Кения), Сивел Закхали (ЖАР), Вейса Бамалку (Эфиопия)