Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Аброр Пирриев: «Ҳамма нарсада меъёр бўлиши лозим»

Баҳо:
+1 | -
Юртимизда футболга эътибор ошиб, вақт ўтган сари янги майдонлар қурилмоқда. Тўғри, қанча қурилмасин, унга талаб яна-да ошиб бораётгани ҳам бор гап.

Кеч тушиб, ишдан қайтаётганингизда бу майдонларда жавлон уриб футбол ўйнаётганларни ҳам, четда турганча навбат кутаётганларни ҳам кўришингиз мумкин. Турли вилоят, туман ва қишлоқларда қурилаётган бу майдонлар кўзни қувонтиради, албатта. Иш вақти якунлангач, дўстлар, ошна-оғайнилар билан чиқиб, бир соат-ярим соат тўп суриш - киши завқини ошириш баробарида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшиши тайин. Аммо ҳар нарсада бўлгани каби бунда ҳам бир жиҳатга эътибор қаратиш керак - меъёрга.

Айнан шу меъёрга амал қилмаслик оқибатида спорт билан шуғулланиш орқали салоаматликка наф келтириш ўрнига жароҳатланиш ҳеч гап эмас. Футболга ҳавас қилиб, неча йиллар югурмагандан сўнг «Бир ўйнаб қўяйлик» қабилида майдонга тушиб, танасини зўриқтириб қўйган, жароҳатланганлар орасида айтайлик, танишларимиз ҳам бор. Ким футбол ўйнамасин, биринчи ва иккинчи ўйинлардан сўнг камида икки кун оёқлари зирқираб, танаси оғриб юради. Бу борада маълумот ва маслаҳат олиш учун Ўзбекистон миллий жамоаси шифокори Аброр Пирриевни Interfutbol газетаси мухбирлари суҳбатга тортди.

ФУТБОЛ ЎЙНАНГ - ДАДИЛ БЎЛИНГ!

- Ҳозирда футбол ўйнашни ҳавас қилиб, бирдан майдонга тушганча, танасини зўриқтириб қўйганлар кўп учрайди. Шифокор сифатида бундай инсонларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

- Футбол ўйнашдан олдин бир нарсага аҳамият қаратиш керак. Кўпинча анча вақтдан буён жисмоний машқлар бажармаган ва ҳали танасини чиниқтирмаган инсонлар ҳам бирдан футболни бошлаб юборадилар ва жароҳатланадилар. Футбол ўйнашни ҳавас қилганлар бир нарсани билиб олишлари керак - профессионал спортчилар билан тенглашиб бўлмайди. Уларнинг касби шу ва таналари ҳам 90 дақиқа тўп суриш учун мослашган бўлади. Кун давомида офис ёки дўконда ўтириб, кейин майдонда бирданига 1,5-2 соат ўйнаш мумкин эмас. Бундай ҳолатда тана зўриқиши, жароҳатланиш эҳтимоли ошади. Шунинг учун меъёрни билиш лозим. Кўпчилик биринчи ўйинидаёқ ҳисобга аҳамият қаратади ва «ғалаба» қозониш учун жон-жаҳди билан соатлаб югуради. «Профессионал футболчи 90 дақиқа ўйнайди-ку» қабилида ўйлаб, бошқалар ҳам шундай қилишлари шарт эмас. Футбол ўйнашни энди бошлаган инсонлар ўйин­даги ҳисоб эмас, тана имкониятларига қараб тўп суришлари керак. Ортиқча югуриш ва зўриқиш оқибатида футбол майдонидаги «ғалаба» организмингиз учун «мағлубият» бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

- Майдонга тушиш олдидан нималарга эътибор бериш лозим?

- Футбол - кун давомида ақлий меҳнат билан шуғулланган кишилар учун ҳордиқ олишнинг энг яхши йўлларидан бири. Айнан шу сабабга кўра, бугунги кунда ҳаваскор футболчилар кўпайиб бормоқда ва бу жуда яхши ҳолат. Футболдан ташқари, волейбол ёки баскетбол билан ҳам шуғулланиш мумкин. Аммо ҳар доим бир нарсага эътибор бериш керак, ҳеч қачон бирданига тўпга ташланиш яхшиликка олиб келмайди. Спорт майдонига етиб келгач, энг аввало, чигал­ёзди машқларини бажариш лозим. Жисмоний зўриқишга ўрганмаган мушаклар бирдан оғир ишни бажарса, шикастланиши аниқ. Шунинг учун майдонга тушиб бироз югуриб олгач, имкон қадар танадаги ҳар бир мушак учун мўлжалланган чигалёзди машқларини бажариш мақсадга мувофиқ. Камида 10 дақиқа давомида шундай машқларни бажаргач, секин-асталик билан тўп тепишга ўтиш мумкин. Тўп билан олиб бориладиган машқларни ҳам 5-10 дақиқа бажариш тавсия этилади. Шундан сўнг футбол ўйинига киришса бўлади. Аммо бу билан соатлаб тўп тепиш мумкин, демоқчи эмасман. Бошловчи футболчилар учун 15 дақиқадан икки бўлим ўйнаш кифоя қилади. Кейинчалик ўйин вақтини ошириб бориш мумкин.

- Зўриқиш натижасида ўзини уринтириб қўйганларга нималарни тавсия этасиз?

- Бу ўринда жароҳат ҳолатини инобатга олиш зарур. Агар жиддийроқ бўлса, албатта, шифокор кўригига бориш лозим бўлади. Баъзи ҳолатларда ҳатто рентгенга тушишга тўғри келади. Чунки ҳар қандай ҳолатлар рўй бериши мумкин. Футбол - жароҳатларга мойил ўйин. Эҳтиёткорона ҳаракат қилиш талаб этилади. Қалтис бир қадам ташлаб қўйсангиз ҳам, оқибати оғир бўлиши хавфи бор. Агар чиниқмаган тана бироз зўриқтириб қўйилган бўлса, озгина дам бериш орқали шикастланган жойни ўзига келтириш мумкин. Орадан маълум фурсат ўтгач, мушак ва пайлардаги оғриқ ўтиб кетади. Шундан сўнг футбол ўйнаш олдидан эҳтиёт бўлиш ва чигалёзди машқларига катта эътибор қаратиш шарт. Ҳеч қачон бирдан футбол ўйнаб кетиб бўлмайди. Ҳатто йиллар давомида футбол ўйнаб юрган киши ҳам аввал чигилёзди машқларини ўташи шарт.

ТОНГДА ЮГУРСАММИКАН, ЁКИ ТУНДА?

- Спорт билан шуғуллана бошлаган ёшлар кўпинча югуриш машқларига зўр берадилар. Улар орасида машғулотларни эрталаб тонгда олиб бориш лозимлигини айтадиганлар ҳам, кечки вақт югуришни маъқул кўрадиганлар ҳам бор. Медицина нуқтаи-назаридан қараганда, қай бири афзал?

- Барчаси тананинг функционал ҳолатига боғлиқ. Масалан, йиллар давомида наҳорда югуриб ўрганган, танасини шунга мослаган инсонлар бор ва уларга нисбатан таъқиқ қўйиб бўлмайди. Аммо энди спорт билан шуғуллана бошлаганлар учун машғулотлар вақти сифатида эрта тонгдан кўра, тушдан кейинги вақтни тавсия қилган бўлардим.

- Бунга сабаб нимада?

- Жуда оддий, эрталаб киши организми ҳали мудроқ ҳолатда бўлади. Тўлиқ уйғониб олмагунга қадар жисмоний зўриқишга берилиш яхши эмас. Тушдан сўнг эса организм батамом ишга тушиб кетади ва бемалол машқ ўташ мумкин.

ЮГУРГАНДАН ЮРГАН ЯХШИ!


- Баъзан ёши катта инсонлар ҳам спорт билан шуғулланишни истаб қоладилар. Ўз соғлигини спорт орқали яхшилашни ният қилган бундай инсонларга ҳам маслаҳат берсангиз...

- Шу жойда яқинда олиб борилган тиббий тадқиқот хулосасини келтириб ўтаман. Аслида инсон соғлиги учун югуриш эмас, балки юриш энг фойдали машғулот ҳисобланади. Айниқса, ёши 40дан ошган кишилар учун бирдан жиддий тарзда спорт билан шуғулланиш фойда ўрнига зарар келтириши мумкин. Хусусан, агар бирор хасталикдан сўнг ўзига келиб олиш учун спорт билан шуғулланишни мақсад қилган бўлса хатарли. Киши организми учун хасталикдан сўнг тикланиш вақтида сайрдан фойдалироқ нарса йўқ. Яхши биласиз, йирик шаҳарлар марказларида ҳам катта майдонга эга хиёбонлар бор. Бундай масканлар бекорга қурилмайди. Айнан шундай гўшаларда юриш орқали инсон ўз саломатлигини яхшилаши мумкин. Гуллар, дарахтлар, яшиллик, тоза ҳаво, манзара киши руҳиятига ҳам, жисмоний ҳолатига ҳам яхши таъсир кўрсатади. Тиббий хулосалар шуни кўрсатмоқдаки, югуришдан кўра, юриш киши организми учун фойдалироқ. Юриш орқали юрак, қон-томир, ички органлар фаолияти яхшиланади. Шунинг учун газета ўқувчиларига кўпроқ сайр қилишларини маслаҳат бераман.

- Ёш ўтган сари жисмоний зўриқишдан эҳтиёт бўлиш керак, демоқчимисиз?

- Агар шаклланган, чиниққан организм бўлса, зўриқишлардан қочмаслик мумкин. Аммо ҳали спорт билан мутлақо шуғулланмаган кимсаларнинг эҳтиёт бўлишлари мақсадга мувофиқ. Албатта, бу билан уларни умуман спортдан четлаб қўймоқчи эмасмиз. Шунчаки, ўзларига қараб, шошмасдан ишларини бажарсалар яхши бўлади. Бирор муаммо туғилган тақдирда, дарҳол шифокор билан маслаҳатлашлари шарт.

ОВҚАТЛАНИШ ҲАҚИДА

- Овқатланиш тартиби ҳақида нима дейсиз? Спорт билан шуғулланган инсон қандай таомланиши керак?

- Нафақат спорт билан шуғулланганда, балки ҳар доим ҳам битта «олтин қоида»га амал қилиш лозим. Яхши биламизки, бизнинг овқатланиш тизимимиз асосан уч қисмга бўлинган - нонушта, тушлик ва кечки овқат. Яна шунга эътибор қаратиш лозим, бизнинг менталитетимизда нонушта ва тушликдан кўра, кечки овқатга кўпроқ урғу берилади. Шу одатимиз яхши эмас. Аслида кун давомида таомланишимизни фоизлар мисолида тақсимлаб чиқсак, нонуштада 25-30, тушликда 40-50, кечки овқат маҳали эса яна 25-30 фоиз овқатни истеъмол қилишимиз лозим. Бунинг ўрнига биз баъзан кечки овқат маҳали деярли 60 фоиз таом еб оламиз. Уйқуга ётиш олдидан бундай овқатланиш яхшиликка олиб келмайди.

- Футбол ўйинидан қанча муддат олдин таомланиб олиш мақсадга мувофиқ?


- Профессионал футболда учрашув бошланишига камида 4 соат қолганида, овқатланилади. Тушки овқат билан футбол учрашуви орасида 4-5 соатлик тафовут бўлади. Бу вақт ичида истеъмол қилинган таом тўлиқ ҳазм бўлиб, ўйин давомида ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Акс ҳолда, майдонга тушган футболчи ошқозонидаги оғирликдан бўғриқиб, кекириб, чарчаб кетади. Бунинг оқибатида жиғилдон қайнаши ва бошқа хасталиклар келиб чиқади.

- Баъзиларнинг айтишларича, оч қоринга ҳам футбол ўйнаб бўлмайди, шунинг учун ўйин бошланишига икки соат қолганида, овқатланиб олиш мумкин экан...

- Йўқ, футбол ўйинидан камида 4 соат олдин овқатланиш лозим. Тўғри, ҳаваскор футболчилар ўйин бошланишига 2 соат қолганида, енгил тамадди қилиб олишлари мумкин. Бунда нимани назарда тутмоқдаман - қаҳва ёки чой ва печенье. Ортиқча нарса керак эмас. Ёки мевалардан тановул қилиш зарар қилмайди. Агар сиз ишдан чиқиб, дўстларингиз билан футбол ўйнашга келишиб олган бўлсангиз, енгилгина тановул қилиб олишингиз ва икки соатдан сўнг майдонга тушиб, тўп тепишингиз мумкин. Аммо зинҳор «чойхона палов»дан сўнг футбол ўйнашни одат қилманг!

- Шундай бўладики, ишдан чиқиб, футбол ўйнагач, вақт алламаҳалга боради ва уйга қайтгач, кечки овқат ейишга тўғри келади...

- Бу ҳам яхши одат эмас. Агар вақт жуда кеч бўлиб кетса, овқат ўрнига енгил тамадди билан чекланиш шарт! Сут, қатиқ, мева-чева, тарвуз - мана шулар билан енгил таомланиш кифоя қилади. Акс ҳолда, сиз футбол ўйнаб соғлигингизни мустаҳкамлаш ўрнига унга путур етказасиз. Кечки соат 22:00да тўйиб овқатланган одам орадан икки соат ўтар-ўтмас ухлашга ётади. Табиийки, бундай ҳолатда кишида ошқозон-ичак касалликлари, семиришга мойиллик бошланади. Кейин, овқатланиб ухлаган кишининг уйқуси ҳам яхши бўлмайди. Алоқ-чалоқ тушлар кўради, дам олмасдан, тунни қийналиб ўтказади. Бундай ҳолат эса киши руҳиятига ҳам таъсир ўтказиши турган гап.

- Бундай асоратлардан сақланиш учун нимага эътибор қаратиш керак?


- Яхши кун тартибини тузиб олиш кифоя. Масалан, сиз ҳафтасига икки ёки уч кун футбол ўйнаб турасиз. Ўша кунларни ўзингизга маъқул келадиган ҳолатда режалаштиринг. Ишга соат нечада борасиз, қачон тушлик қиласиз, қай вақт футбол ўйнайсиз ва кечки овқатга нималарни истеъмол қиласиз - барчаси қатъий график остида турса, спорт соғлигингиз гарови бўлиши та-йин.

ТЕРМА ЖАМОА

- Аброр ака, терма жамоа шифокори экансиз, табиийки, бевосита касбингизга алоқадор саволлар ҳам берилади. Айтингчи, Азиз Ҳайдаров нима сабабдан Иорданияга қарши кечган учрашувларда майдонга тушолмади?

- Азиз терма жамоа йиғинига биринчилардан бўлиб етиб келганди аслида. Аммо келган вақтидаёқ тиззасида жароҳат бор эди. Бу ҳақда «Ал-Шабаб» клуби тиббиёт хизматидан тегишли ҳужжат ва тиббий хулосалар ҳам олиб келинди. Шуларга асосланган ҳолда биз ҳам уни тиббий кўрик ўтказдик. Натижада ҳақиқатан ҳам, жароҳати борлигини аниқладик ва уни сафарда ўтган учрашувда майдонга тушмаслиги ҳақида келишиб олдик. Лекин Азизнинг Тошкентда ўтган учрашувда майдонга тушишига умид қилаётгандик, аксига олиб, у шамоллаб қолди. Иссиқ ўлкадан келгани туфайли салқин иқлимга мослашишда қийинчиликка учради, шекилли. Хуллас, энди жароҳатдан тузалган футболчини майдонга тушириб, таваккал қилишни истамадик. Чунки жароҳатланган мушаклар грипп натижасида тикланишга улгуролмай қолади ва арзимаган тўқнашув ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ҳайдаровни асрашга қарор қилдик.

- Аммо у орадан 3-4 кун ўтгач, «Ал-Шабаб» таркибида майдонга тушди...

- Боя айтганимдек, Ҳайдаров Тошкентда кечган учрашувда майдонга тушиши мумкин эди, аммо гриппга учрагани бунга халал берди. Ўз клубига қайтиб боргач, шамоллаши тузалиб, майдонга тушишга тайёр бўлган ва уни таркибга киритишган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Агар Иорданияга қарши ўйин сал кейинроқ ўтказилганида, Азиз миллий жамоа сафида ҳам ўйнарди, эҳтимол...

- Ўзбекистон терма жамоаси шу ой Вьетнамга қарши ўйин ўтказади. Таркибда жароҳатланганлар йўқми?


- Бу ҳақда ҳозирча ҳеч нарса деёлмайман. Қачонки, таркиб йиғилса, футболчиларнинг ҳолатларини кўргачгина бу саволга бафуржа жавоб беришим мумкин.

Манба: www.lokomotiv.uz
Киритилди: 15:11, 20.10.2013.
Ўқилди: 4800 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.