Мамлакатимизда 2013 йил футбол мавсуми ҳам ўз ниҳоясига етди. Энди янги 2014 йил мавсумигача анча кутишимизга тўғри келади. Ўтган мавсумни сарҳисоб қилишга эса вақт анча етарли. “Насаф” бу йил ўзига “қайтди”. Албатта бунда ёш ва содиқ мураббийнинг меҳнатини алоҳида ўрни бор.
Эътибор қилсангиз, Рўзиқул Бердиевнинг исми шарифи ёнига доимо содиқ сўзини қўшиб ёзишни ёқтирамиз. Бунга у инсон жуда арзийди. Бунга асослар ҳам етарли даражада, зеро, жамоага тегишли барча ижобий ишларни, жамоага содиқ бўлган ва куюнчак мураббийгина амалга оширади. Рўзиқул Бердиев бу йилги биргина мавсумда воҳаликларга асли “Насаф”ни “қайтариб” берди!
Қуйида юқорида айтганларимизга бир мисол тариқасида исбот келтирмоқчиман. Агар 2013 йил мавсумдаги (бу ерда Ўзбекистон Кубоги баҳсларини ҳам ҳисобга олдик) ўйинлар натижасига назар ташласак Олий лигада қатнашаётган 14та жамоа ичидан “Насаф” жамоаси биргина “Олмалиқ” жамоасини мағлубиятга учрата олмабди. Балки, бунга сабаб “Олмалиқ” билан биринчи турда ва сўнгги турда ўйнашга тўғри келганлигидандир. Қолган ҳамма жамоалар бир мартадан бўлса ҳам хоҳ кубок баҳсида бўлсин, хоҳ чемпионатда, мағлубиятга учратилди. Буни ҳатто украиналик собиқ мураббий А.Демьяненко ҳам уддалай олмаганди.
“Насаф” жамоаси бу йилги мавсумда Олий лига жамоалари ичида энг кўп гол урган жамоа сифатида ҳам тарихга кирди – 64та гол! Ўтган йили совринлардан “қуруқ” қолган жамоа бу йил бронза совринини ҳам яна қайта қўлга киритди.
Айнан Рўзиқул Бердиев ўтган мавсумда деярли “тамом” бўлган жамоага қайта “жон” бағишлади. Мен “Насаф”нинг футболчилари билан тез-тез гаплашиб тураман. Улардан баъзида Рўзиқул Бердиев билан ўтган йилги мураббий – Усмон Тошев ўртасидаги фарқ ҳақида ҳам сўрайман, уларнинг аксарияти “бу йил ҳар бир ўйинга пухта тайёрландик, у киши даврида шуғулланиб, баданимиздан тер ҳам чиқмаган эди”, - дейишади.
Яна бир жиҳат ҳақида гапирмасам бўлмайди, Рўзиқул Бердиевга бу йил клуб раҳбарлари ҳам “яхши ошпаз бўлсанг, мана шу масаллиқдан ош пиширасан” қабилида иш тутишди. Бердиевнинг куни аксарият ёшларга қолди. Аслида клуб раҳбарлари ҳам хоҳласа ўйнаб, хоҳламаса ўйнамайдиган легионерларга отнинг калласидек пул тўлаш жонига теккан эди. Қолаверса, клуб қошидаги ёш футболчиларни тарбиялаб вояга етказаётган футбол мактабларини ва уларга харж қилинаётган катта миқдордаги маблағлар худдики “ҳавога учирилаётган” эди. “Яхши ошпаз” – Бердиев ва унинг ёрдамчилари буни уддалашни уддасидан чиқишди. Тўғрироғи кутилганидан ҳам ошиғроқ эплашди.
Мавсум бошида ҳали “пишиб етилмаган” ёш дарвозабон – Элдорбек Суюнов нафақат жамоанинг асосий дарвозабонига айланди, балки унга мамлакатимиз бош жамоасида ҳам ишонч билдирила бошланди. Элдорбек қаторига Одилжон Ҳамробеков, Улуғбек Дадабоев, Дониёр Нарзуллаев, вақтида “аразлаб”, яна қайтиб келган Фаррух Сайфиев, голургич ёш ҳужумчимиз Азамат Алланиёзовни ҳам қўшиш мумкин. Улар “Насаф”нинг асосий таркибида ўз ўринларига эга бўлишди. Улар келгусида албатта ўзларини маҳоратларини янада намойиш қилишларига шубҳа қилмаймиз.
Рўзиқул Бердиевнинг ва “Насаф”нинг 2013 йилги мавсумдаги кашфиётлари шубҳасиз Шуҳрат Муҳаммадиев ва Лазиз Убайдуллаевлар бўлди десак, муболаға бўлмайди. Чунки ушбу ўйинчилар жамоада ўз олдиларига қўйилган вазифани тўғри бажаришни ўзлаштириб олдилар. Уларсиз энди жамоа ўйинларида мазмун йўқдек.
Энди бир оғиз сўз “қариялар” ҳақида. Ўтган йили деярли “оқсаб” қолган ягона легионеримиз – Артур Геворкян ҳам бу йилги мавсумда катта саҳнага чиқди, у жамоа тўпурарига айланди ва ўз ҳисобига 18та голни ёзиб қўйди. Шунингдек у тўрт марта "Ойнинг энг яхши ўйинчиси" сифатида эътироф этилди. Ҳимоячи Ботир Қораевнинг ҳам бу йил иккинчи ёшлиги қайтди, Рўзиқул Бердиев билан жамоада деярли доимо бирга тўп тепган “қариямиз” ҳали нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйди. “Тиниб-тинчимас”, мухлислар ёқимтойи - Илҳом Юнусов, узоқ масофалардан зарба бериб дарвозабонлар "ҳушини учирадиган” севимли ўйинчиларимиздан – Эркин Бойдуллаев, “ўзимизнинг содиқ Макс” – Мақсуд Каримов, жамоага узоқ даволанишлардан кейин яна қайтган – Шерзод Аъзамов, ҳужум ва ҳужум ортида катта ишни эплайдиган ва ктта тажриба эгаси – Илҳом Шомуродов, кам ўйнасада, аммо ўйнаганда жамоага “жон” киритадиган – Суҳроб Неъматов, “кам гап” ҳужумчимиз – Зоҳид Абдуллаев ва ниҳоят собиқ ва яна “ўзимизники”га айланган жамоанинг ҳимоя қўрғони – Ҳамза Каримовларнинг бу йилги мавсумда иккинчи “дыхания”си очилди! Улар жамоанинг бу йилги ютуқларига муносиб ҳисса қўшдилар. Шу ўринда “ихтиёрсиз даволанишга маҳкум бўлган” Рўзиқул Бердиевнинг қуйидаги “аскарлари” борки уларни ҳам тилга олиб ўтмасак адолатсиз бўлади. Булар ушбу мавсумда энди оёққа тура бошлаган ва мухлисларга “Насаф"дан ҳеч қачон кетмайман”, - дея сўз берган – Жаҳонгир Жиямуродов, рақиб ҳимоячиларини “тўзитиб” юборувчи ҳужумчи – Кенжа Тўраев ҳамда майдонни истаган жойидан рақиб дарвозасини тўғри нишонга олувчи – Алишер Юсуповдир.
Ҳа, ушбу ижобий ишларнинг ҳаммаси Рўзиқул Бердиевнинг, қолаверса, унинг яқин кўмакдошлари – Шуҳрат Тошпўлатов ва Зафар Холмуродов ҳамда Денис Иванковнинг жуда катта меҳнатлари ва саъй-ҳаракатлари эвазига бўлди. Буни биз мухлислар чуқур эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз! Улардан биз чексиз миннатдормиз! Ҳали “Насаф”да захиралар жуда кўп фақат уларни тўғри йўлдан етаклаб, сафга қўшса бўлди.
“Насаф” ва Рўзиқул Бердиевнинг бу йилги катта йўқотишларидан бири, шубҳасиз Шоҳрух Гадоев бўлди. Мисли “учқир от” укамиз жамоанинг энг муҳим ўйинларида “хизмат доирасидан ташқарида” қолиб кетди. Бунга “Насаф”нинг мухлисларининг ҳам ичлари ачигандан ачиди. Билмадик, унга атайлаб жароҳат етказишдими ёки тасодифийми, аммо у кейинги ўйинларда ўз жамоасига ва мураббийига ёрдам бера олмади. Бу ҳолатдан миллий терма жамоамиз ҳам жабр кўрди. Умид қиламиз ва ишонамизки Шохруҳ Гадоев албатта келгуси мавсумда яна ўз сўзини айтади!
Шу ерда Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманларининг бирида айтган гапларини эслайман: “жорий мавсум давомида ўн йилга татийдиган жамоа шакллантиришга эришдик – бу бизнинг энг ката ютуғимиздир”, - деган эди, бу гапга қўшилмасдан иложимиз йўқ. Аслида, жамоани ҳақиқий жамоа қилиш ёки ўйинчиларни очилмаган қирраларини юзага чиқариш, уларнинг бошини бир-бирига қўшиб яхлит жамоа қилиш ҳар қандай мураббийнинг ҳам қўлидан келавермайди, бунга кўплаб гувоҳ бўлаяпмиз. “Насаф”да кўзга кўриниб, кейинчалик ўртамиёна ўйинчига айланиб қолаётган “собиқлар”ни ҳам кузатиб бораяпмиз.
Албатта, Рўзиқул Бердиевнинг бу йилги меҳнатлари юртимизда фаолият юритаётган ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимларимизнинг ҳам эътиборидан четда қолмади, улар Бердиевнинг беш марта “энг яхши” бўлиши учун ўзларининг қимматли овозларини аяшмадилар. Биз мухлислар улардан ҳам чексиз миннатдормиз!
Рўзиқул Бердиевнинг бу йилги мавсумдаги фаолияти ҳақида озгина бўлсада тилга олиб ўтдим. Аслида унинг ижобий ишлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.
Ренат Эрназаров