“Нефтчи” жамоаси мавсумни 9-ўринда якунлаганидан хабарингиз бор. Фарғоналиклар ўтказилган 26 учрашувдан кейин 30 очко жамғаришди.
Мавсум давомида жамоа кимдан қанча очко олди? Кимлар голлар муаллифига айланди? Мазкур шу ва шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
“Нефтчи” жамоаси энг кўп очкони “Гулистон” ва “Шўртан” жамоалари билан бўлган учрашувда қўлга киритди. Жамоамиз ҳам ўз майдонида, ҳам сафарда ушбу рақибларни мағлубиятга учрата олди. “Гулистон” 4:1 ва 3:0 ҳисобида доғда қолдириган бўлса, “Шўртан”га қарши кечган ўйинларда бир хил 2:0 ҳисоби қайд этилди. “Шўртан” дарвозасига Ғузорда Сардор Мирзаев, Фарғонада эса Отабек Исроиловлар иккитадан тўп киритишди. Носир Отақўзиев эса биринчи даврада Фарғонада “Нефтчи” дарвозасига битта тўп киритган бўлса, иккинчи даврани фарғоналиклар сафида ўтказган ҳужумчи Гулистондаги баҳсда собиқ жамоаси посбонини икки марта хафа қилди.
Жорий йилдаги водий дербиларида “Нефтчи” тўрт очко жамғаришга эришди. Фарғонада 2:0, Наманганда 1:1.
“Динамо”, “Олмалиқ”, “Қизилқум” ва “Бухоро” жамоалари билан бўлган баҳсларда уч очкодан ишлаб олинди. “Насаф” ва “Металлург” жамоаларидан эса бир очко жамғарилди.
“Локомотив”, “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Сўғдиёна” жамоаларига барча очколар бой берилди.
Яна бир қизиқ жиҳат, “Локомотив” ва “Бунёдкор”га қарши кечган ҳар икки учрашувда бир хил (3:1) ва (1:0) ҳисоблари қайд этилди.
Энди голларга тўхталадиган бўлсак, сермаҳсуллик борасида Сардор Мирзаев ва Носир Отақўзиев етакчилик қилишди. Бу икки футболчи рақиблар дарвозасига тўрттадан тўп киритишди.
Умуман олганда, мавсум давомида “Нефтчи”нинг 14 нафар футболчиси рақиб дарвозасини ишғол этди.
Ким қанча тўп киритди:
Носирбек Отақўзиев - 4
Сардор Мирзаев - 4
Дилёрбек Эрматов - 3
Отабек Исроилов - 3
Анвар Бердиев - 3
Шерзод Ҳакимов - 2
Мансур Саидов - 2
Мирзакамол Камолов - 1
Шавкат Насибуллаев - 1
Ғўлом Ўрунов - 1
Иқбол Акрамов - 1
Азиз Алижонов - 1
Санжар Асқаралиев - 1
Зайниддин Тожиев – 1.