“Насаф” жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган Марказий стадион 2006 йилда Қарши шаҳри мезбонлик қилган “Баркамол авлод” мусобақаси учун қурилган. Кейинчалик 2009йилга келиб ушбу стадион “Насаф” футбол клуби ҳисобига ўтказилган.
Айнан шу йилдан Марказий стадион қайта таъмирланиб, академия учун 3 та суғориладиган ҳамда битта сунъий майдонлар қурилган эди.ОФК ходимлари томонидан тўлиқ текширувдан ўтказилган стадион юқори баҳоларга лойиқ топилди. “Бунёдкор”нинг собиқ мураббийи Сколари ҳам Қаршидаги стадионни ўша вақтдаги “Ўзбекистон”нинг энг яхши стадиони, деб атаганди.
Бугунги кунда стадионда муҳлислар учун барча шароитлар мавжуд. Савдо шахобчалари ташкил этилган.Футболчилар учун хизмат қиладиган кийиниш хонаси жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. ОАВ ходимлари учун ҳам барча қулайликлар яратиб берилган. Кўчма телевидения ёрдамида учрашувни сифатли транслияция қилиш йўлга қўйилган бўлиб, тасвирни бугунги кундаги замонавий HD форматда узатади. КТСнинг ўргимчак камераси ёрдамида майдондаги вазиятни юқоридан тасвирга олиб вазиятларга баҳо беришда янада енгиллик яратади.
Стадион директори Юлдошев Салим Рўзиевичнинг таъкидлашича, шу вақтгача стадионга тегишли ҳудудга 600 туп мевали дарахтлар экилган бўлиб, уларнинг меваларидан футбол майдонида таҳсил олувчи болалар учун шарбатлар тайёрланади. Янги йилда 500 туп манзарали дарахтлар экиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирги кунда стадион 2014 йилги мавсум учун тайёрланмоқда.Майдонга 370 кг Даниядан келтирилган “Спорт-мастер” майса уруғи сепилди. Стадионга киришда махсус табло ўрнатилган бўлиб, реклама ва афишалар учун мўлжалланган. Шунингдек, стадионга муҳлис сиғмай қолган тақдирда ўйинни ушбу табло орқали тўғридан тўғри кузатиш имконига эга бўлади.
Зиёдулло Сафаров