"Астана" жамоаси янги бош мураббийи Вадим Абрамов клуб расмий веб-сайтига интервью берди. Унда нима учун клуб таклифини қабул қилгани ва келажак режалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтган.
— "Астана" — жиддий клуб. Унинг олдига юқори вазифалар қўйилган. Клуб келаси йили Европа лигаси мусобақасида иштирок этади. Шунинг учун бундай жамоани кўп мураббийлар бошқаришни истаган бўларди.
— Таклиф устида кўп бош қотирдингизми?
— Унчалик кўп ўйламадим. Шунчаки, клуб ва менинг истакларим бир жойдан чиқди.
— "Астана" ўйинлари ҳақида бирор нарса айта оласизми?
— Мен "Астана"нинг "Актобе" билан ўйинида бўлдим. Шунингдек, клуб ўйинларини интернет орқали томоша қилдим. Шу боис маълум тасаввурга эгаман. Яқин орада йиғиламиз, ўзаро яқиндан танишамиз. Бир ой ишлаганимиздан кейин эса футболчиларнинг имкониятлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиб оламан.
— Интернетдан топган маълумотларимга қараганда, сизнинг севимли тактик жойлашувингиз 4-4-2 экан. Демак, "Астана" янги мавсумда икки ҳужумчи билан ўйнайдими?
— Интернетда ҳар доим ҳам тўғри нарсаларни ёзаверишмайди, аммо албатта икки нафар ҳужумчи билан ўйнаймиз. Мен ҳужум қилишни яхши кўраман. Менинг жамоаларим ҳамиша ҳужумкор футбол ўйнашади. Тактик схема борасида эса ҳозирча ҳеч нарса дея олмайман. Тактик схема ижрочиларга боғлиқ нарса. Таркибдагилардан келиб чиқиб буни ҳал қиламиз.
— Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятингиз орқали сизга яхши таниш бўлган футболчилар "Астана"да пайдо бўлиши мумкинми?
— Агар бундай футболчилар клубга таклиф этилса ҳам, уларнинг сони кўп бўлмайди. Менга ўйинчининг кимлигини аҳамияти йўқ. Гап шундаки, сен ўйинини фақат видеоёзувларда кўрган ўйинчининг ўрнига ўзинг яхши билган легионерни таклиф қилган яхшими ёки ёмонми? Шунга боғлиқ.