Хитойнинг "Titan Sports" нашри журналистлар ўртасида Осиёнинг энг яхши футболчисини аниқлаш бўйича сўровнома ўтказди. Сўров жараёнида қалам аҳли вакиллари ҳар қандай осиёлик футболчи ва Осиёда ўйнаётган хорижлик футболчига овоз бериш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Сўровномада ОФКга аъзо ассоциациялар матбуот хизмати вакиллари ва Европанинг айрим журналистлари, жами 22 мамлакатдан 22 нафар ОАВ вакили ўз овозлари билан иштирок этишди. Ҳар бир қатнашчи 5 нафар футболчига овоз беришди. Юртимиздан эса ушбу сўровномада ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев қатнашди. У ўз овозларини қуйидаги кетма-кетликда берди: Чжэнг Чжи, Ха Дэ Сунг, Жавод Некуном, Дарио Конка, Сон Хенг Мин.
Сўровнома якунига кўра ЦСКА ва Япония миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кейсуке Хонда Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Унинг ҳисобида 46 балл тўпланди. 32 очкодан тўплаган Элкесон (Бразилия, "Гуанжоу Эвергранд") ва Дарио Конка (Аргентина, "Гуанжоу Эвергранд") 2-ўринни бўлишиб олишган бўлса, 4-ўринни эгаллаган Сон Хеунг Мин ва Чжэнг Чжи ҳисобида 31 очкодан тўпланди. ОФК томонидан Осиёнинг бошқа қитъада ўйновчи энг яхши футболчиси деб топилган Юто Нагатомо эса бор-йўғи 8-ўринни эгаллади (23 очко). ОФК томонидан Осиёда тўп сураётган энг яхши легионер футболчи деб топилган Мирукуи (Бразилия) эса 6-ўринга муносиб кўрилди.
Сўровнома якунларига эса қуйидагича бўлди (кучли ўнлик):
1. Кейсуке Хонда (Япония, ЦСКА) — 46 балл;
2. Элкесон (Бразилия, "Гуанжоу Эвергранд") — 32;
2. Дарио Конка (Аргентина, "Гуанжоу Эвергранд") — 32;
4. Сон Хеунг Мин (Жанубия Корея, "Байер") — 31;
4. Чжэнг Чжи (Хитой, "Гуанжоу Эвергранд") — 31;
6. Мирикуи (Бразилия, "Гуанжоу Эвергранд") — 27;
7. Жавод Некуном (Эрон, "Истиқлол") — 25;
8. Юто Нагатомо (Япония, "Интер") — 23;
9. Шинжи Кагава (Япония, "Манчестер Юнайтед") — 11;
10. Робби Крус (Австралия, "Байер") — 10.