Бразилияда ўтадиган Жаҳон чемпионатининг финал босқичига қуръа ташлаш маросими бошланди. Ҳозирча маросимнинг дастлабки қисми бўлиб ўтмоқда.
Ташкилий қўмита ва мезбон давлат расмийлари сўзга чиқишмоқда, бразилиялик қўшиқчилар ўзларининг санъатлари билан мухлисларни хурсанд қилишмоқда.
Саватчалар таркибини яна бир марта эслатиб ўтамиз:
1-саватча: Бразилия, Аргентина, Колумбия, Уругвай, Бельгия, Германия, Испания, Швейцария.
2-саватча: Жазоир, Камерун, Кот-д’Ивуар, Гана, Нигерия, Чили, Эквадор.
3-саватча: Австралия, Эрон, Япония, Жанубий Корея, Коста-Рика, Гондурас, Мексика, АҚШ.
4-саватча: Португалия, Франция, Англия, Голландия, Италия, Хорватия, Россия, Греция, Босния ва Герцеговина.
ФИФА президенти Зепп Блаттер сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдириб ўтмоқда.
1930 йилдан 2010 йилги ЖЧлари тарихига оид видеоролик намойиш қилинди.
Амалдаги жаҳон чемпиони Испания терма жамоаси бош мураббийи Висенте Дель Боске ЖЧ кубогини саҳнага олиб чиқди.
ЖЧнинг 32 терма жамоаси видеолавҳалар орқали таништирилмоқда... Афсус, улар орасида Ўзбекистон йўқ. Мираброр Усмонов томонидан тайёрланган ҳисоботга кўра, терма жамоаси олдига ЖЧ-2018га чиқиш вазифа қўйилган. 4 йил кутамиз...
Бразилияда ўтадиган ҳар қандай маросимни Пелесиз тасаввур қилиш қийин албатта.
Маросимнинг муҳим қисмига яқинлашяпмиз. Саҳнага ФИФА бош котиби Жером Вальке чиқиб келди. Қуръа ташлаш жараёнида Валькега ёрдам берадиган собиқ футбол юлдузлари — Кампес, Зидан, Каннаварро, Йерро, Кафу кабилар саҳнага таклиф этилишди.
Қуръанинг дастлабки қисмида 4-саватчадаги Европанинг 9та жамоасидан биттаси 2-саватчага ўтказилади. Битта шарча 2-саватчага ўтказиб қўйилди. Аммо, ҳозирча биз унинг қайси жамоа эканини билмаймиз.
1-саватча вакиллари қуръа тортила бошланди...
2-саватча вакиллари қуръага тортилмоқда. Италия Уругвай билан "С" гуруҳига тушди.
3-саватча... Мексика Бразилия ўрин олган гуруҳга тушди...
ЖЧнинг очилиш учрашуви - Бразилия - Хорватия баҳси! ЖЧ-2010 финалчилари бир гуруҳдан жой олишди: Испания ва Голландия!
"Ўлим гуруҳи": Уругвай, Коста Рика, Англия, Италия!
Германия, Португалия, Гана ва АҚШ ўрин олган "G" гуруҳида ҳам жиддий курашлар кечади. Россия эса нисбатан кучсиз гуруҳдан жой олди. Русларнинг рақиблари - Бельгия, Жазоир ва Жанубий Корея.