Икки йил муқаддам мухлислар оғзига тушишни бошлаган Алибобо Раҳматуллаев учун якунига етган мавсум бироз қийин кечди. Футболчи ҳа деганда асосий таркибдан муқим жой эгаллай олмади. Келаси йил эса у ва унинг каби ўринбосарлар сафидан асосий жамоа сафига қўшиладиган бир қатор ёш футболчилар учун имконият янада кўпаяди. Бу борада улар нафақат Ўзбекистон Олий лигасида, балки халқаро майдонда ҳам ўз омадларини синаб кўриш имкониятига эгалар. Биз Алибобо Раҳматуллаевнинг ҳам қуръа борасидаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
“ОЧЛда оддий жамоанинг ўзи йўқ. Халқаро майдонда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритдими, демак жамоа кучли. Бироқ бу рақибдан чўчиш учун баҳона бўла олмайди. Биз ҳозиргисидан ҳам қийинроқ ва мураккаброқ гуруҳларни муваффақиятли якунлаганмиз. Келаси мавсум ҳам ўз ўйинимиз билан турнирда муносиб иштирок этишимиз мумкин”.
“Араблар техник томондан қитъанинг қолган мамлакатларидан кучлироқ саналишади. Қолаверса улар айёр футбол намойиш қилишади. Ҳисобда олдинга ўтиб олишганида уларга қарши ўйнаш қийинлашиб кетади. Шунга қарамай айтишим керакки, шарқий минтақа клублари ғарб жамоаларидан бир бош устунроқ”.
“Якунига етган мавсум бироз қийин кечди. Мураббийлар ишончини тўла оқлай олмаганим сабабли кам ўйин ўтказдим. Бироқ келаси йилдан умидим катта. Хатоларим устида ишлаб, “Бунёдкор”нинг асосий таркибидан муқим жой олишга ҳаракат қиламан. Ахир менинг ўйнайдиган вақтим келди”.
“Бунёдкор” ёш иқтидорларга тўла. Масалан ўринбосарлар таркиби ҳам мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Бунда Александр Мочиновнинг хизмати катта. Демак, бу жамоадан ҳам 3-4 нафар футболчи асосий таркибга қўшилиб кетиш имкониятига эга деб ўйлайман”.
Аброр ИМОМХЎЖАЕВ суҳбатлашди.