Бекободнинг “Металлург” жамоаси ҳимоячиси Одил Исабоев футболчилик фаолиятини якунлади. Бу йил 36 ёшни қарши олган Одил ака фаолиятининг дастлабки йилларида мамлакатимизнинг етакчи клублари – “Дўстлик”, “Пахтакор” жамоаларида ўйнаган. “Дўстлик” билан мамлакат чемпионлигини ҳам қўлга киритган. Аслида Исабоевнинг фаолияти ажойиб тарзда бошланган. 22 ёшига қадар Тошкент вилояти иккинчи лига баҳсларида иштирок этадиган кичкина қишлоқ жамоаси шарафини ҳимоя қилган футболчи бир инсоннинг турткиси билан олий лига сакраш қилиб, дебют мавсумидаёқ Ўзбекистон чемпиони бўлган. Бунақаси ҳаётда жуда кам учраса керак?! Ўтган ҳафта бутсасини михга илган футболчи билан учрашиб, фаолиятига доир қизиқарли саволлар билан мурожаат қилдик.
МАЪЛУМОТ УЧУН
ОДИЛ ИСАБОЕВ
Туғилган санаси: 21.07.1977 йил
Туғилган жойи: Тошкент вилояти Оққўрғон тумани
Футболчиликдаги амплуаси: ҳимоячи
Ўйнаган жамоалари: “Дўстлик” (1999 йил), “Пахтакор” (2000 йил, биринчи давра), “Кимёгар” (2000 йил, иккинчи давра), “Дўстлик” (2001 йил), “Металлург” (2002 йил), “Қизилқум” (2003 йил), “Локомотив” (2004-2005 йиллар), “Андижон” (2006 йил, биринчи давра), “Металлург” (2006 йил, иккинчи даврадан 2013 йил охиригача).
Ўзбекистон чемпиони – 1999 йил
- Одил ака, дастлабки саволим, нега футболдан кетишга қарор қилдингиз? Бу ёшингиз билан боғлиқми ёки бошқа сабаб борми?
- Сабаби оддий, озми-кўпми 14 йил ўйнадим. Бу йил 36 ёшни қарши олдим. Ўрнимни ёшларга бўшатиб берадиган вақт келганди. Асосийси, яхши ҳолатда футболдан кетгим келганди. Шунинг учун ҳам бутсамни михга илишга қарор қилдим.
- Балки ўзингизга бўлган ишонч камайиб кетгандир?
- Гап ишончда эмас. Агар ўйнайман десам яна бир мавсум тўп суришга кучим етади, аммо бу ёғига организмимни қийнаб қўйишим мумкин. Соғлиқ катта неъмат, уни асраш керак.
- Бир қарорга келиш жуда қийин бўлган бўлса керак?
- Тўғриси, охирги икки мавсумдан буён шу ҳақида ўйлаб келаётгандим. Бунга ўзимни руҳан тайёрлагандим, десам муболаға бўлмайди. Футболни тугатиш оғир, аммо якунлаш керак. Ҳар нарсанинг ибтидоси бўлгани сингари, интиҳоси ҳам бўлади. Биздан олдин ҳам шундай бўлган, бундан кейин ҳам давом этади.
- Энди нима иш билан машғул бўласиз?
- Рустам ака Мирсодиқов клубда қолишимни, ўринбосарлар жамоасида бош мураббий Февзи Давлетовга ёрдам беришимни маслаҳат бердилар. Энди мураббийлик фаолиятимни бошлайман.
- Агар клуб раҳбариятини сизни жамоада олиб қолмаганида нима иш қилардингиз?
- Қачонлардир футболни тугатсам нима қиламан, деб бош қотирардим. Кейинчалик бу ҳақида ўйламай қўйдим. Биласизми нега? Чунки ўша вақтларда ўзимга бир саволни берганман: агар омадим келмай футболчи бўла олмаганимда нима қилардим? Худо ризқимни футболга боғлаб қўйган экан, “Металлург”да қолмаганимда ҳам оч қолмасдим. Мураббий қилмасам, бошқа касб билан шуғулланаверардим. Бунинг ҳеч қандай айби йўқ.
- Яқиндагина бирга ўйнаб юрган жамоадошларингизга мураббий сифатида мурожаат қилишга тайёрмисиз?
- Футболчиликдаги жамоадошларим бошқа, мураббий сифатида қўл остимдаги ўйинчилар бошқа. Бирга ўйнаганимиз билан энди мен мураббийман. Табиийки, уларга шунга мос равишда мурожаат қиламан.
- Ўзингизни бунга тайёрман дея оласизми? Айниқса руҳий томондан.
- Руҳан жуда тайёрман, дея олмайман. Аммо устозларимдан ўрганиб, секин-секин тайёрланиб бораман. Ҳамма нарса аста-аста бўлади.
- 14 йиллик фаолиятингиз давомида футбол сизга нима берди?
- Бемалол футбол туфайли жуда кўп нарсага эришдим, дея оламан. Мақташга арзигулик дўстлар, танишлар ортирдим. Оз бўлса ҳам ҳурмат эътибор қозондим. Шунга хурсанд бўламан. Шунча йил ўйнаб бирор марта жиддий жароҳатга йўлиқмадим. Албатта бундан хурсанд бўламан. Худо асрагани шу бўлса керак?! Фаолиятим давомида фақат яхши инсонлар билан ишладим. Тажрибали, халқимиз ҳурмат қилган мураббийлар қўл остида ўйнадим. “Дўстлик” таркибида Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Футболчилик фаолиятимда муҳим роль ўйнаган Рустам ака Мирсодиқов ва Евгений Валицкийга миннатдорчилик билдираман! Шу қаторда бир қатор кимнинг қўл остида ўйнаган бўлсам, ўша мураббийларга ҳам раҳмат айтаман! Ҳар бир мутахассисдан нимадир олдим. Барча мураббийлар билан яқин муносабатда бўлганман.
- Эътибор бериб қарасак, олий лига клубида 22 ёшда кўриниш берганингизга гувоҳ бўламиз. Унга қадар ўз қишлоғингиз жамоаси сафида ўйнаб юргансиз.
- Тўғри. 22 ёшимда “Дўстлик” сафига келиб қўшилганман. Унга қадар иккинчи лигада тўп тепганман, ҳатто биринчи лига тузини тотмаганман. Омад деганлари шу бўлса керак, биринчи йилиёқ Ўзбекистон чемпиони бўлганман. “Дўстлик”ка келишимга ўша вақтда Тошкент вилояти ҳокими бўлган Уммат ака Мирзақулов сабаб бўлганлар. Мен бу инсон қўл остида иккинчи лигада “Истиқлол” жамоасида ўйнардим. Айнан шу киши сабабли Рустам ака Мирсодиқов билан танишдим. 2000 йил мени “Пахтакор”га таклиф қилишди. Бу ерда ярим мавсум тўп сурганимдан сўнг бош мураббий Александр Иванков ортидан “Кимёгар”га кўчиб ўтдим.
- Нега ҳар бир ўзбек болани тўп суришни орзу қиладиган “Пахтакор”да қолмагансиз?
- Шунчаки, Иванков менга “Кимёгар”да ўйнашни таклиф қилган. Бунга бошқа сабаб йўқ. Чунки бу мураббий билан муносабатим илиқ эди.
- Фаолиятингиз бу даражада омадли чиқишини кутганмидингиз?
- Очиғи, умуман кутмаганман. Иккинчи лигада ўйнаб юрган болани олий лига клуби таркибига келиб, биринчи йилиёқ Ўзбекистон чемпиони бўлиши бу ҳақиқий омад бўлса керак? Қанчадан-қанча футболчилар бор неча йиллик умрини футболга бағишласа ҳам олий лигада ўйнаб кета олмайди.
- Омадли мавсумдан кейин “Пахтакор”га ўтдингиз. Ҳаётингиздаги бундай ўзгаришлар сизга қандай таъсир қилган?
- Ўз қишлоғи жамоасида ўйнаб юрган бола, олий лига клубига келиб, мамлакатнинг юлдуз футболчилари билан бир қаторда ўйнса, ўзини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас. Ваҳоланки, ўша вақтдаги жамоадошларимни унга қадар ойнаи жаҳон орқали кўрардим. Очиғи, аввалига ҳаммаси тушга ўхшаган. Ўзимга келиб олганимдан юлдузлар ҳам оддий инсон эканлигини тушуниб етганман. Уларга ҳам раҳмат! Сабаби, менга анча ёрдам беришган, қўллаб-қувватлашган. Шундай ҳолатда ҳам ўзимни йўқотиб қўймаганман, юлдузлик касалини ҳис қилмаганман.
- Кимдан сўраманг, мен юлдузлик касалига учрамаганман дейди-ку, лекин ён-атрофдагилар унга ўша “касаллик” оғригани бўйича ташҳис қўйишади?!
- Гапингизда жон бор. Шунинг учун дўстларим ва яқинларимдан мен ҳақимда сўранг. Ўзингиз ҳам неча йиллардан буён мен ҳақимда биласиз. Ўзгариш сезмаган бўлсангиз керак. Раҳматли дадам жуда содда инсон бўлган. Умрлари узоқ бўлсин, онам ҳар насиҳат қилганларида “болам нонни катта тишласанг ҳам, бировга катта гапирма”, деб кўп таъкидлайдилар. Қишлоққа борсам, танишларим билан машинадан тушиб сўрашаман. Аслида ўша вазиятда машинада қўл кўтариб кетсам ҳам ҳеч ким менга индамайди. Дўстларим ҳам оддий болалар. Бировни камситишни ёмон кўраман. Ким бўлишидан қатъий назар, у ҳам инсон. Эл таниган футболчи бўлсам, бу ўзим учун, дўстларим учун оддийгина Одилман.
- 2001 йил “Дўстлик”ка қайтиш омадли чиқмади?
- Ҳа, биз 2001 йил олий лигадан тушиб кетдик. Сўнг Рустам ака мени “Металлург”га таклиф қилди. 2003 йилни “Қизилқум”да ўтказдим. 2004-2005 йилги мавсумларда эса, «Локомотив» либосида тўп сурдим. 2006 йил тажрибали мураббий Рауф Инилеев мени Ҳикмат Ҳошимовни “Андижон”га чақирди. Ҳаётимнинг ярим йили Андижонда ўтди. Иккинчи даврада Шамил Толипов бошқарувидаги “Металлург”га қайтдим. Шу-шу умримнинг қолган қисми Бекободга боғланди. Ўзим Тошкент вилоятида туғилиб ўсганим учун Бекободда ўзимни эркин ҳис қиламан.
- Фаолиятингизнинг аксар қисмини Рустам Мирсодиқов мураббийлигидаги жамоалар сафида ўтказгансиз. Бошқа жамоага бориб, янги мураббий қўл остида ўйнаб кетишингизга ишонмаганмисиз?
- Нега ундай дейсиз? “Пахтакор”да Иванков қўл остида ўйнаганман. “Андижон”да Рауф Инилеев, “Локомотив”да эса Андрей Микляев мураббийлигида тўп сурганман. “Металлург”да Лёткин, Толипов бош мураббий бўлган вақтларни ёддан чиқарманг. Тўғри, фаолиятимнинг аксар қисми Рустам ака билан боғлиқ, лекин ундан ташқари, олти нафар мураббийни ҳам унутманг. Ваҳоланки, бу мутахассислар ҳам менга ишонч билдиришган ва деярли асосий таркибда ўйнаганман. Соғлом рақобат умуман қўрқмаганман.
- Нега унда ўзингизни кучли клублар сафида синаб кўрмагансиз ё хорижга чиқиш ҳақида ўйламагансиз ёки шу темпдаги фаолият сизни қониқтирардими?
- 2000 йиллар менга Туркия клубидан таклиф бўлганлигини айтишган, аммо бу қанчалик аниқ маълумот эканлигини билмайман. Боиси, менга ҳеч ким алоқага чиқмаган. Тўғри, генералликни орзу қилмаган солдат бўлмайди, шу қаторда мен ҳам. Ҳаракат қилганимда бундан-да, юқори чўққиларга чиқа олардим деб ўйлайман. Лекин бу фаолиятимдан ҳам нолимайман. Чемпион бўлдим, шуни ўзи ҳам катта бахт.
- 7 йил бир жамоада ўйнаш. Бу муддат кўп эмасми? “Металлург”да футболчи сифатида ўсишга эришса бўладими?
- Дарахт бир жойда кўкаради деган гап бор. Киши келажаги қандай бўлишини хоҳласа, шунга мос равишда изланади, ҳаракат қилади. Ҳаммаси ўзига боғлиқ. У қандай жамоада ўйнашидан қатъий назар, яхши натижаларга эришса бўлади.
- Хўп, унда айтингчи, 2006 йил “Металлург”га қайтган футболчи Одил Исабоев билан ҳозиргисини орасида қандай фарқ бор?
- Инсоннинг ёши катта бўлгани сари футболга бошқача қарай бошлайди, малака ошиб бораверади. Орадаги етти мавсум давомида жуда кўп нарса ўзгарди. Дунёқарашим, тушунчам ўзгарди. Илгари футболни шунчаки томоша қилардим. Ҳозир ўйинчиларнинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатаман. Фойдали иш коэффицентига эътибор қаратаман.
- “Металлург” сиз учун сўнгги жамоа бўлишини олдиндан ўйлаб юрармидингиз?
- Рости, аллақачон фаолиятимни Бекободда тугатишим ҳақида қарор қабул қилиб бўлгандим. Бекобод халқи бизни яхши қабул қилишган, ўзимизни маҳаллий аҳолидек ҳис қилардик. Етти мавсум давомида “Металлург” билан ҳар хил кунларни бошдан ўтказдик, лекин, ўрганиб қолганим учун жамоадан кетмадим.
- Ўз вақтида жамоада маблағ томонидан ҳам қийинчиликлар бўлган эди?
- Тан оламан, клубда пул томондан қийинчиликлар бўлган, лекин айтганимдек, ҳеч қаерга кетмаганман. Сабаби, шахсан мени Бекободда умуман алдашмаган. Бир сўм пулимга ҳам хиёнат қилишмаган. Маошларни берилишида узилишлар бўлса-да, қарзлардан тўлиқ қутилишган. Шунинг учун ҳам раҳбариятга раҳмат айтаман!
- Фаолиятингиздаги энг эсда қолган мавсум?
- Нисбатан олиб айтадиган бўлсам, 1999 йилни “Дўстлик” сафидаги мавсумими. Илк мавсумдаёқ чемпион бўлганман.
- Ўтган мавсум нисбатан асосий таркибда камроқ кўриниш бердингиз. Шундай ҳолатларда сизни жуда яхши таниган Рустам Мирсодиқовдан хафа бўлмадингизми?
- Бундай вазиятларда мураббийдан ҳеч қачон хафа бўлмаганман. Асосий таркибда ўйнаш учун футболчи ҳар доим тайёр бўлиши керак. Ким тайёрлигини эса, табиийки, мураббийлар жуда яхши билишади. Мен учун клубнинг муваффақияти муҳимроқ.
- Лекин “Андижон”да захирада қолиб кетганингиз учун мураббийдан хафа бўлгансиз?!
- “Андижон”да бошқа инсонлар билан орамизда тушунмовчилик бўлган. Бунга бош мураббийнинг алоқаси йўқ.
- “Металлург” қачонлардир медаллар учун курашадими?
- Қачонлардир эмас, балки яқин йиллар ичида медаллар учун курашади деган умиддаман. 2006 йилга қараганда клубда жуда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Жамоа янги автобус, база стадионга эга бўлди, инфратузилмаси яхши томонга ўзгарган. Аввал хорижга бормаган жамоа қишги йиғинни Туркияда ўтказди. Секин-секин футболчилар олдига медаллар учун курашиш вазифаси ҳам қўйилади.
- Клубнинг асосий ютуғи нимада? Бош мураббий Рустам Мирсодиқов эканлигими ёки жамоа кўп йиллардан буён бир хил таркибда ўйнаб келаётганими?
- Биринчи навбатда Рустам ака бош мураббий эканлиги ва кўп йиллардан буён жамоада ишлаётгани. Кейин бир неча мавсумдан бери бир хил таркибда ўйнаётгани асосий ютуқ дейиш мумкин.
- Футболчиларни “Металлург”да нима ушлаб туради?
- Рустам ака ва раҳбариятга бўлган ишонч. Ўзаро ишонч борлиги учун қийналган бўлса ҳам футболчилар майдонга ҳеч нарсани ўйламай майдонга чиқишади.
- Мураббий сифатида қандай мақсадларингиз бор?
- Аввал мураббийликни бошлаб олаверай, кейин навбати билан ўз олдимизга мақсад қўяверамиз. Ҳозир бир гапни айтишим мумкин: келажакда яхши мураббий бўлишга ҳаракат қиламан. Меҳнат қилсангиз бир куни албатта самараси бўлади.
- Дилингиздаги гаплар...
- Аввалам бор, футбол мухлисларига соғлик-саломатлик тилайман! Жумладан, Бекобод халқи ва “Металлург” ишқибозларига, футболни чин дилдан севадиган инсонларга, завод раҳбарларига, клубни раҳбариятига миннатдорчилик билдираман! Худо хоҳласа, 2014 йил “Металлург” янада чиройли ўйин кўрсатиб, мухлисларни хурсанд қилади.